Наманган шаҳрида ўтказилган "Аёллар фестивали" доирасидаги тадбирларда мўъжизакор ва нозик ҳилқат эгалари бўлмиш хотин-қизларнинг саломатлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани ғоят мақсадга мувофиқ бўлди. Ахир бир қўлида дунёни, бир қўлида бешикни тебратгувчи соғлом оналардангина соғлом фарзандлар дунёга келади-да.

Қолаверса, соғлом аёлларгина юрт тараққиёти, ватан равнақи ва оила мустаҳкамлигини таъминлаш учун муносиб ҳисса қўшадилар. Шунинг учун анжуман доирасида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан уюштирилган чуқурлаштирилган тиббий кўриклардан барча мамнун бўлди. Тиббий тадбирларга нафақат "Аёллар дафтари"га киритилган тиббий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар, балки репродуктив ёшдаги аёллар ва 40 ёшдан ошганлар ҳам жалб қилиндилар.

11-мактабда ўтказилган "Аёл дунё безаги, меҳр-муҳаббат рамзи" шиори остидаги тиббий кўрикка ҳудуддаги 11 та маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчилар таклиф этилдилар. Уларга малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун 4-оила поликлиникасининг тор соҳа мутахассислари, оила шифокорлари, қўли енгил ва чаққон ҳамширалари ҳозиру нозир бўлишди. Клиник-биохимик лаборатория таҳлиллари, УЗИ, ЭКГ аппаратларининг ҳам шу ернинг ўзига ўрнатилгани аёллар учун ғоят қулайлик яратди. Дастлаб, тана ҳарорати аниқланиб, антропометрик ўлчовлардан ўтганлар қон таҳлилларини топширишди. Кардиолог, нев­ропотолог, акушер-гинеколог, окулист, лор, эндокринолог, педиатр ва бошқа соҳа мутахассисларининг ҳузурига киришди. Тиббий текширувлар натижасида аниқланган хасталиклар бў­йича шифокорлар маслаҳат ва тавсия­лар бердилар. Амбулатор даво муолажаларига муҳтожларга керакли дори-дармонлар тавсия қилинди.

- Кўрик давомида бир қатор мутахассислар қабулида бўлдим. Асаб тизимимда бироз ўзгариш ва ички буқоқ хасталиги аломатлари аниқланди. Эндокринолог Муҳаммаджон Ваққосовдан жуда-жуда мамнун бўлдим. Мендаги касалликни тушунтириб, тўғри ташхислаш ва даволаш учун вилоят эндокринология марказига йўлланма бердилар, - деди Бешкапа кўчасида яшовчи Мастура Қаюмова.

Шу куни шифокорлар бригадаси ногиронлиги бўлган, тиббий ёрдамга муҳтож хотин-қизларнинг уйларига ҳам боришиб, уларни тиббий кўрикдан ўтказдилар.

- Тиббий назорат чоғида аёллардан бирининг юрак соҳасида касаллик аломатлари сезилди. Шу ернинг ўзида мутахассис томонидан биринчи ёрдам кўрсатилиб, РШТЁИМ Наманган филиалига диагностика ва даволаш учун юборилди. Шунингдек, яна бирини жигар хасталиги ташхиси билан 1-шаҳар шифохонасига даволаш учун жўнатдик, - деди Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Раҳматулла Тўрахонов.

Аёллар саломатлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган мазкур тадбирда шахсий гигиена, тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзи қоидаларига риоя қилиш, юқумсиз касалликлар профилактикаси, жисмоний фаоллик ва спорт машқларининг аҳамияти тўғрисидаги давра суҳбатлари ҳам ғоят мароқли кечди.

Мактабга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А. Иминов ташриф буюриб, тиббиёт ходимларини янада фаол бўлишга чорлади.

Манзура ЭРГАШЕВА.