шунинг учун пойтахтдан ташриф буюрган эндокринолог олим-шифокорлар вилоятимизда фаол иш олиб боришди

 

Академик Ёрқин Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг бир гуруҳ мутахассислари Наманганга келишди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулходи Иминовнинг қабулида бўлишди. Марказ жамоасининг 2021 йилги режалари билан таништиришди. Ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар келишиб олинди.

Йилнинг биринчи ташрифи доирасида икки кунлик фаолият ғоят самарали кечди. Марказ директорининг илмий ишлар бўйича муовини, тиббиёт фанлари доктори, профессор Замира Ҳалимова, қалқонсимон без касалликлари бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Гулчеҳра Наримова, диабетдаги йирингли асоратлар бўлими мутахассиси Ҳамидулла Шокировлар Наманган эндокринология диспансери врачлари билан маҳорат дарслари ташкиллашди. Унда эндокринологиянинг долзарб муаммоларига муваффақиятли ечимлар топиш борасидаги илм-фан ютуқлари, даволаш услублари ҳақида гап борди. Албатта, назарий янгиликлар тарғиботи билангина кифояланиб қолинмади. Диспансерда ётган ва поликлиникага кўрикка келганлардан 26 нафарига олим-шифокорларнинг кузатувидан ўтишлари учун қулай имкониятлар яратиб берилди.

Худди шундай тадбирлар Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғруқ комплексида ҳам уюштирилди. Шифокорларга маҳорат сабоғи ташкилланди, бемор аёллар тиббий кўрикдан ўтказилди. Эндокринологик хасталикларнинг олдини олиш омиллари тушунтирилди.

Пойтахтлик мутахассисларнинг Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмасига боришлари эндокрин касалликлардан даволанаётганлар учун айни муддао бўлди. Айниқса, оғир дарддан озор чекаётганлар обдон тиббий текширувдан ўтказилди. Даволашнинг энг мақбул йўллари бў­йича эндокринолог врачларга янги илмий хулосалар етказилди. Беморлар билан эса даволанишнинг ўзи билан боғлиқ муҳим жиҳатлари хусусида ошкора ва таъсирчан мулоқотлар ташкилланди.

Энг эътиборлиси, меҳмонларнинг сафари марказий шифохонада ниҳоя топмади. Улар ўз соҳаларига дахлдор хасталиклардан қийналаётган кишиларнинг хонадонларига ҳам кириб боришди.

- Аҳоли саломатлигини сақлашга қаратилган тиббий ислоҳотлар халқимизда хизматимиздан ризолик кайфиятини уйғотмоқда, - дейди Гулчеҳра Жуманиёзовна. - Президентимизнинг "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги меҳанизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ ўтказилган хатлов бизларга ҳам ғоят қулайлик туғдирди. Энди бемор излаб ўтирилмайди. Уларнинг кимлигиям, манзилиям аниқ. Чунки ҳамма яқинда антропометриядан ўтказилган. Қайси хонадонларда эндокрин хасталикларга чалинганларнинг борлиги маълум, назорат - кузатувга ҳам олинган. Биз ана шундай беморларнинг уйларига кирдик. Ҳолатларини синчиклаб кўрдик, зарур тавсиялар ва маслаҳатлар бердик.

- Пойтахтлик олим-шифокорлар эртанги кун ҳам Наманганда ўз фаолиятларини давом эттиришди. Улардан умидимиз катта. Негаки, ҳамкорликда ҳикмат кўп. Меҳмонларнинг беминнат кўмагидан беҳад хурсандмиз, - деди диспансер бош врачи, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов.

 

* * *

Ташрифнинг учинчи куни янада самарали кечди. Ахир меҳмонларнинг қимматли вақтлари имкон қадар наманганлик ҳамкасбларининг назарий билимларини мукаммаллашга, малака - маҳоратларини такомиллаштиришга сарфланди. Жумладан, эндокринолог ва гинекологлар уларнинг беморларни даволашга замонавий ёндошувлар мавзуидаги маърузаларини ғоят мароқ билан тинглашди. Камдан-кам учрайдиган акромегалия, буйрак усти етишмовчилиги - кушинг касаллигига тўғри ташхис қўйиш усуллари ўргатилди.

Шунингдек, қандли диабетга чалинганларнинг оёқларида кузатиладиган диабетга хос яралар парвариши бўйича маҳорат дарси ташкилланди. Диабетнинг йирингли асоратлари, яъни тўпиғи билан хасталанган беморларнинг операциядан кейинги жароҳатларини реконструктив (тиклов) амалиётлари бажариб кўрсатилди. Жарроҳ Ҳамидулла Шокировнинг бу борадаги тажрибаларини ҳамкасблари қунт билан ўзлаштиришди.

РИЭИАТМнинг олим-шифокорлари томонидан бу ерда яна бир янгиликка асос қўйила бошланди. Яъни ёш кадрларнинг илмий салоҳиятини кўтаришга қаратилган эзгу ҳаракатга киришилди. Аниқроғи, марказ мутахассислари диспансернинг ёш врачлари ичидан илмий - тадқиқотга лаёқатли ёшларни танлаб олишиб, уларга шу ернинг ўзида ҳам ишлаб, ҳам илмий изланишлар ўтказишларига раҳбарлик қилишларини, зарур кўмак бериб боришга тайёр эканликларини айтишди. Бундай саъй-ҳаракат "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"нинг илк ойидаги қувончли ҳодисага айланди.

Биз, албатта, тошкентликлар ташрифидан наманганликларнинг бениҳоя хурсанд эканликларининг шоҳиди бўлдик.

- Ёшим эндигина элликдан оша бошлаганига қарамай эндокрин хас­талигидан азият чекиб келардим, - дейди Зулфия Абдувалиева. - Бугун олима шифокор Гулчеҳра Норимованинг қабулларига кириб, кўнг­лим тоғдек кўтарилди. Негаки, синчиклаб текширишди, савол-жавоб ўтказишди. Дарднинг илдизини топиб, шунга қарши даво муолажаларини белгилаб беришди. Турмуш тарзимни ўзгартириш бўйича қимматли маслаҳатларини эшитганимда, беихтиёр энди касаллик билан ўзим ҳам курашишим кераклигини чуқур англадим. Соғлом юришда фақат дори-дармон эмас, эр-хотиннинг турмушдаги ўзаро бир-бирлари билан бўладиган муносабатларини тўғри йўлга қўйишнинг ҳам нафи катталигини тушуниб етдим. Пойтахтлик нажоткорларимизнинг ўткир нигоҳларига, юзингга, кўзингга қарабоқ ичингдаги дардингни осонгина уқиб олиш иқтидорларига жуда-жуда қойил қолдик.

- Мен эндокринология диспансерида даволаниб, ўзимни ҳамиша енгил ҳис қиламан, - дейди меҳнат фахрийси Абдурашид Убайдуллаев. - Бош врачидан тортиб, барча ходимлари беморларни сидқидилдан даволашади. Янги муҳташам бинода барча қулайликлар муҳайё. Ёруғ ва шинам хоналарда ётиб даволанасиз, замонавий физиотерапевтик тиббий аппаратлар етарли. Шифокорларининг билимиям, малакасиям юксак талабларга жавоб беради десам ҳам асло янглишмайман. Эътиборли жиҳати, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий - амалий тиббиёт маркази жамоаси билан доимий ҳамкорлик ўрнатишган. Пойтахтлик ҳамкасбларининг бу галги уч кунлик кўмаги беморлар учун ҳам, шифокорлар учун ҳам сернаф бўлди. Бу, Президентимиз раҳнамолигида Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган тиббий ислоҳотлар шарофатидандир. Шундай юртнинг фуқароси эканимиздан, танамиздаги дардларимизни доимо енгиллаштиришга қодир халоскорларимиз борлигидан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Аслида тириклик - ҳаёт мўъжизаси. Уни асровчи, инсон умрига умр қўшувчи тиббиёт ходимлари эса фидойилик фарзини фаол адо этаётган замон қаҳрамонлари саналишади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва халққа Мурожаатномасида соғлиқни сақлаш соҳасига тааллуқли олти йўналишдаги вазифалар қаторида эндокрин касалликлари хавфини бартараф учун "... эндокрин касалликларни аниқлаш ва даволаш мақсадида худудий шифохоналарда махсус бўлимлар ташкил этилади" деб алоҳида кўрсатиб ўтилган. Бу - айни муддао. Хасталик аломатлари қанчалик эрта аниқланса, уни даволаш ҳам шунчалик муваффақиятли тус олади. Янги йилда ана шундай мақсадда янги қадамлар ташланишига бўлган ишончимизни пойтахтлик ўз соҳаларининг усталари бўлган юқори малакали мутахассисларнинг Наманганга ташрифлари янада мустаҳкамлади.

Содиқ САЙҲУН.