Саратон - инсоният олдида ҳаёт ва ўлим кураши каби маъно ва тасаввур берадиган касаллик. Афсуски, саратон белгилари жуда хилма-хил ва сезиларсиз бўлгани боис кўп ҳолларда касалликни даволашда кечикиш бўлиши мумкин. Шу боис сўнгги йилларда аҳоли ўртасида нисбатан кўпроқ учраётган саратонни даволаш шунчалар муҳим аҳамият касб этадики, бу йўлдаги кичик бир муваффақият ҳам беморларга катта умид бағишлаши, шубҳасиз.

Катта мамнуният билан таъкидлаш ўринлики, яқинда Наманган давлат университети Қўшма таълим дас­тури Тиббиёт кафедрасининг катта ўқитувчиси, биология фанлари бў­йича фалсафа доктори (PhD) Шоҳис­та Рустамова Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Илғор технологиялар маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган C.A.T science accelerator илмий лойиҳалар учун стартап ло­йиҳалар танловида "TumorOnTarget - саратон касалликларини даволашда нишон терапияни қўллаш учун диагностика усули" номли лойиҳаси билан иштирок этиб, фахрли 1-ўринни эгаллади.

Ҳозирги кунда кўкрак бези саратони дунё миқёсида ўпка саратонидан кейин иккинчи ўринда (2,09 млн. ҳолат), ошқозон саратони эса олтинчи ўринда (1,03 млн. ҳолат) туради. Кўкрак бези саратони ва ошқозон саратонининг ўсимта маркерларидан бири бўлган "HER2Ғneu"нинг гиперэкспрессияси ёки амплификациясининг кучайиши кўкрак бези саратони касаллигининг 15-30 фоиз ва ошқозон саратони касаллигининг 9-15 фоизида кузатилади. Онкомаркер миқдори ортиб кетган беморларни даволашда нишон (target) терапияни қўллаш мумкин.

Нишон терапия - бу нишон препаратлар ёрдамида даволаш усули бўлиб, бундай препаратлар айнан ўсимта тўқимасигагина таъсир қилади ва уни бартараф этишга ёрдам беради.

Ш. Рустамова нишон терапияни қўллаш мумкин бўлган беморлар гуруҳини ажратиб олиш учун ПЗР асосида амалга ошириладиган HER2 статусини аниқлаш усулини ишлаб чиқди. Мазкур онкомаркерни аниқлаш ҳозирги кунда фақатгина Республика онкология марказида иммуногистокимё усули ёрдамида амалга оширилади. Бу бутун республикадаги нишон терапияни қўллаш мумкин бўлган беморлар гуруҳини ажратиб олиш учун етарли эмас. Шунингдек, нархи ҳам қиммат.

Мазкур муаммони ҳал қилиш ПЗР асосида онкомаркерни аниқлаш учун ишлаб чиқарилаётган усулни соғлиқни сақлаш амалиётига жорий қилиш катта қадамдир. ПЗР асосида онкомаркерни аниқлаш усули иммуногистокимёга нисбатан 2 баробар тез ва арзон амалга оширилади. Шунингдек, ПЗР ускунаси бутун республикамизнинг барча вилоятлари клиникаларида мавжудлиги туфайли уни юртимиз миқ­ёсида кенг кўламда йўлга қўйиш имкониятининг мавжудлиги амалиётнинг асосий афзалликлари ҳисобланади.

Стартап лойиҳаси доирасида нишон терапия ёрдамида даволаш мумкин бўлган беморлар аниқланади ва даволанади. Натижада бемор умрининг сезиларли даражада узайишига, айрим ҳолларда ўсимтанинг буткул ўсишдан тўхташига олиб келади.

Мазкур лойиҳани молиялаштириш ҳажми - 900.0 млн. сўм. Лойиҳа янги диагностик лаборатория ташкил қилишга қаратилган бўлиб, биология фанлари доктори, профессор Шаҳло Турдиқулованинг илмий маслаҳатчилиги асосида бажарилади.

Илм-фан ва тиббиёт соҳасида катта ютуқни қўлга киритган Наманган давлат университети жамоасининг юксак салоҳиятини эътироф этган ҳолда лойиҳа ишига муваффақият тилаймиз!

Санжарбек ҲАМИДОВ.