Ёшлар фестивали доирасида Янгиқўрғон туманидаги "Водий" маҳалласида "Yan Med Diagnostika" диагностика ва даволаш маркази ўз фаолиятини бошлади.

Мазкур диагностика марказини барпо этишда жами 6 миллиард сўм маблағ сарфланиб, Хитойдан 2 миллиард сўмлик замонавий тиббиёт жиҳозлари олиб келинди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида 70 нафар беморга тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилди.

Бугунги кунда мазкур марказда 50 нафардан ортиқ, жумладан, 35 нафар аёл ва 15 нафар ёшлар бандлиги таъминланди.

Тиббиёт марказида гинекология, урология, кардиология ва ЛОР касалликларини даволаш ҳамда клиник биохимия-лаборатория амалиётларини амалга ошириш йўлга қўйилган.

Очилиш маросимида иштирок этган вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов туман аҳлини мазкур марказ ўз фаолиятини бошлагани билан қутлади ва жамоага эл саломатлигини асраш йўлидаги ишларида муваффақиятлар тилади.

Namangan.uz