Давлатобод туманида очилган клиника туманнинг энг кўркам жойида жойлашган. Унинг ишга туширилиши учун 1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Энг замонавий тиббий жиҳозларни харид қилиш учун 530 минг AҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди. Яқин кунларда яна 450 минг AҚШ доллари эвазига энг замонавий Эксимер лазер аппаратини ҳам олиб келиб ишга тушириш режалаштирилган
Янги клиникада 30 ўринли шифохона ва 40 қатновли амбулатория қисмидан иборат бўлиб, бу ерда 30 та янги иш ўрни яратилмоқда. Мутахассисларнинг 70 фоизи эса ёшлардан иборат.
Мутахассислар Россиянинг Санкт-петербург, Уфа каби шаҳарларнинг тиббиёти ривожланган клиникаларида ишлаб малака ошириб қайтган. Ҳозирда клиникада 24 турда кўз операцияларини амалга ошириш, 30 турдан ортиқ касалликларни консерватив даволаш жорий этилмоқда.
Шифохонада қабул-диагностика бўлими, операция блоги, операциядан кейинги парвариш хоналари, люкс типида жиҳозланган шинам палаталар, барча дори-дармонлар билан таъминланган муолажа хоналари, лаборатория ва зарарсизлантириш бўлимлари, ошхона ва дам олиш хоналари ташкил этилган. Бундан ташқари дорихона ва оптика дўконини яқин орада очилади.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амирилло Иноятов ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдилходи Иминовлар қатнашишиб, янги клиника жамоасига беморларни даволашда катта муваффақиятлар тилашди.