2020 йилнинг 29 декабри халқимиз ҳаётида яна бир тарихий кунга айланди. Чунки шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пойтахтимиздаги Хал­қаро конгресс марказида Олий Мажлисга нав­батдаги Мурожаатномани тақдим этди. Хал­қимиз зўр қизиқиш ва катта умид билан кутиб олган мазкур Мурожаатнома ҳар бир жамоада ҳар қачонгидан кўра ҳам юксак масъулият ҳиссини уйғотиб юборди.

Давлатимиз раҳбари пандемия шароитидаги қийинчиликларга қарамай, "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили"да амалга оширилган оламшумул ишларимизни чуқур таҳлил қилган ҳолда янги йилимизнинг дастурий вазифаларига барчанинг диққат-эътиборини қаратди.

Муҳтарам Президентимиз 2021 йилни "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб эълон қилишни таклиф этганида залда ўтирганлар гулдурос қарсаклар билан кутиб олдилар.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, янги йилнинг янги марралари сари янада дадил интилиш, ҳар бир ишда юқори натижаларни қўлга киритиш ҳамманинг ягона - бош мақсадига айланиши керак.

 

ОЛДИНГА, ФАҚАТ ОЛДИНГА ҚАРАБ БОРАМИЗ

ЁХУД БИЗ УЧУН ЭНГ МУҲИМИ - УМИД, ИШОНЧ ВА ҚАТЪИЯТЛИЛИК

Мана, 2020 йил билан хайр­лашганимизга ҳам икки ҳафта бўлди. Лекин кузатилган йил олам аҳли учунгина эмас, Янги Ўзбекистон учун ҳам осон кечмади. Шундай бўлса-да, биз ўзимизни нима ишларга қодирлигимизни, қандай халқ эканимизни дунёга яна бир карра намойиш эта олдик. Янги йил арафасида, яъни 29 декабрь айёмида синовли йилга теран нигоҳ ташлаб, ишларимизни сарҳисоб айлаб, улардан сабоқ чиқариб, янги йилга янги орзу умидлар, янги режалар билан қадам қўйиш имкониятига эга бўлдик. Негаки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис минбарига нав­батдаги дастурий Мурожаатнома билан чиқдилар.

Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтган тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ташкилотлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари қатнашишди. Мурожаатнома аввалида бутун дунё учун ғоят оғир келган, оммавий фалокатга айланган коронавирус пандемияси тарқалган 2020 йил сарҳисоби ҳақида гап борди. Президентимиз айтганларидай:

"Халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз". Дарҳақиқат, якунланган йил ўзбекистонликлар учун сабр ва матонат, меҳр ва мурувват, ғайрат ва шижоат, борингки жасорат ва қаҳрамонлик йили сифатида тарихга муҳрланиб қолди. Айниқса, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида туб бурилиш ясалди. Одамларни камбағалликдан қутқариш чора-тадбирлари ўз вақтида кўрилгани туфайли бу муайян қатламнинг аҳволи сезиларли даражада яхшиланди. "Темир дафтар" тизими жорий қилиниб, унга киритилганларнинг яшаш ва ишлаш шароитларини имкон қадар талаблар меъёрига келтиришга эришиб борилди. Имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилгани ҳам аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашдаги янгича йўналиш бўлди.

Одамлар саломатлигини мус­таҳкамлаш мақсадида уларни тоза ичимлик суви билан таъминлашда дадил қадамлар ташланди. Таъминот даражаси 75 фоизга етказилди. Ижтимоий нафақа олувчилар қамрови 2 баробарга оширилди. Худди шундай кўрсаткич кичик ёшдаги болаларни мактабгача таълимга қамраб олишда кўзга ташланди. Олий таълимдаги қабул параметрлари 2016 йилга нисбатан 2,5 баробарга ўсди. Ёшларнинг 25 фоизи талабалар сафига қўшилди.

Мурожаатномада баён этилганидай:

"Ўзбекистон "Очиқ маълумотларни кузатиш халқаро индексида 125 поғонага кўтарилиб, 44-ўринни эгаллади. Бунда давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги 20 та йўналиш бўйича кўрсаткичларни ошкор қилиб бориш амалиёти жорий этилгани муҳим аҳамият касб этди.

"Иқтисодий эркинлик" рейтингида ҳам мамлакатимизнинг 26 поғонага кўтарилгани ислоҳотларимизнинг халқаро майдондаги яна бир эътирофи бўлди".

Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланадиган 2021 йилнинг долзарб вазифалари мундарижасини бирма-бир баён қилар экан, барчанинг диққат-эътиборини қатор-қатор масалаларга қаратди. Даставвал, "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" деган эзгу ғоя асосида мустақиллик байрамини муносиб нишонлашимиз кераклигини айтди. Бунинг учун эса эришган ютуқларимизни янада мустаҳкамлаб, энг муҳим ва устувор соҳаларни ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилажагини уқтирди.

"Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун Янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак, - дея алоҳида таъкидлаб ўтди Президент Шавкат Мирзиёев. - Бунда, аввало, таълим - тарбияни ривожлантириш, соғ­лом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозим".

Олам тиббиётининг буюк алломаси, бобомиз Абу Али ибн Синонинг "Довюрак ва ботир инсонлар келажакда содир бўладиган қийинчиликлардан қўрқмайди" деган фикрларини Юртбошимиз юксак минбарда туриб, бежиз такрорламадилар. Инчунин, ҳаётий ҳодисалар бундан минг йил муқаддам ҳам, бугун ҳам шу ишончни яққол тасдиқлайди. Худди шу икки хислат айниқса ёшларга хосдир.

Йилнинг номланишига монанд тиббиёт тармоғи учун дас­турий ишларнинг мазмун-моҳияти бўйича беш йўналишга алоҳида-алоҳида урғу берилди. Чунончи, коронавирусга қарши кураш; она ва бола соғлиғига эътибор; бирламчи бўғинни кучайтириш; онко-гематология касалликлар бўйича диагностика ва даволаш ишларини яхшилаш; жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш ана шулар жумласидандир.

2021 йилда халқимизнинг маданий-маърифий ҳаётини юксалтиришга хизмат қиладиган кўплаб муассасалар ва масканлар қурилади. Бу билан каттаю - кичикнинг маънавий камолоти учун қулайликлар янада кўпаяди.

Иқтисодий соҳадаги ишлар ҳам астойдил давом эттирилади. Макроиқтисодий бар­қарорлик таъминланади. "Умуман, халқимиз хотиржам бўлиши керак: сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, бу борада кафолатланган захирани яратиш ва уларни бозорга узлуксиз етказиб бериш ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ишларига устувор даражада эътибор қаратилади. Бунинг учун Ҳукумат ва ҳокимликлар томонидан барча чоралар кўрилади ҳамда бу масала Президентнинг доимий назоратида бўлади".

Президентимиз ёшларга ҳам, катта авлодга ҳам зўр ишонч ва умид билдирди. "Агар катта авлоднинг билими ва тажрибасини, узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат - шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзланган марраларга албатта етамиз".

Янги йилга ном беришда олдимиздаги вазифаларнинг кўламидан, кўзланган мақсад-муддаонинг моҳиятидан келиб чиқиш анъанага айланиб қолгани халқимизни ҳамиша хурсанд қилиши, натижада иқтисодиётда ҳам, маънавий ҳаётда ҳам йилдан-йилга тараққиёт зинапояларидан тобора юқорилаб боришга эришилиши барчамизга олдиндан аёндир. Прези­дентимиз томонидан 2021 йилга мамлакатимизда "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб ном бериш таклиф этилганида фақат Халқаро конгресс марказида ўтирганларгина эмас, балки буни бутун юртимизда кўриб-кузатиб бораётганларнинг ҳам кўнгиллари тўлқинланиб кетгани шундан. Давомли қарсаклар эса бунинг ёрқин ифодаси эмасми?!

Дарқақиқат, навқирон авлодга эътибор наинки бугунги кунга, айни маҳалда эртанги кунга ҳам эътибор саналади. Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, бугун эртанинг кечаси эканини идроклаш мумкин. Ҳар вақт мушаррафланадиган бугунги кунимиз, ҳаётимиз кечаги саъй-ҳаракатларимиз, курашларимиз, интилишларимиз ҳосиласи бўлиб қолаверади. Ёшларни қўллаб-қувватлаш фақат бир йилнинг ўзига татимайди. Келажакдаги бахту саодатимизга ҳам замин яратади. Президентимизнинг узоқни кўзлаган сиёсати замирида ғоят улкан, ғоят беқиёс, ғоят оламшумул орзу ниятлар мужассамланган. Мурожаатномада олти йўналишдаги кенг кўламли режалар аниқ ифодалаб берилди. Биринчидан, мактабгача таълим; иккинчидан, мактаб таълими; учинчидан, олий таълим; тўртинчидан, илм-фан ва инновациялар; бешинчидан, ёшлар ўртасидаги бандлик; олтинчидан, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш масалаларига доир долзарб вазифалар нималардан иборат эканлиги батафсил баён қилинди. Халқимиз тўқ ва фаравон яшаши давлатимиз раҳбарининг доимий назоратида туради. Иқтисодий ислоҳотларнинг барчаси халқ турмушини янада яхшилашга хизмат қилиши кафолатли.

Президент "...маҳалла - жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси" дея баҳолади. Айни пайтда барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижани таъминлаши шарт эканини қатъий уқтирди.

Вақт - бетўхтов илгарилайди. Янги - 2021 йилнинг иккинчи ҳафтаси ҳам ниҳояланмоқда. Энди ҳар бир ватандошимизнинг кўнгли - тўқ, эртасидан умиди катта. Зеро, халқсевар Юртбошиси бор! Унинг эл руҳига қанотбахш, эл кўнглига илҳомбахш ишончи бор! Мурожаатномадаги қуйидаги сўзлар ҳамон қалбларимизда акс садо бериб турибди: "Ҳаёт олдимизга яна қанча синов ва муаммоларни қўйиши мумкин ва биз ҳар қандай ҳолатга тайёр туришимиз зарур. Лекин қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, демократик ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз. Олдинга, фақат олдинга қараб борамиз. Ва биз бунга ҳар томонлама қодирмиз. Чунки бугунги халқимиз - кечаги халқ эмас. Бугунги Ўзбекистон ҳам - кечаги Ўзбекистон эмас".

Дилимизда ва тилимизда ҳамиша бир тилак: Янги Ўзбекистонимизнинг Янги йилдаги юксалишлари ҳамма соҳада барқарору бардавом бўлсин! Аждодларимизга муносиб авлодлигимиз Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйишга қодирлигимизда яққол намоёнланаверсин!

Содиқ САЙҲУН,

шоир ва публицист, "Турон" фанлар академияси академиги.