Абдилходи ИМИНОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи

Айни кунларда мамлакатимиз аҳолиси дилида ғоят кўтаринкилик, келажакка ишонч мустаҳкамланган, давлатимизнинг янада тараққий этишига умидворлик кучайган. Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга, бутун халқимизга Мурожаатномаси юртдошларимизни дилидан мустаҳкам жой олмоқда, десак асло янглишмаймиз. Бу оммавий ахборот воситаларида билдирилаётган муносабатларда ўз аксини топмоқда.

Айниқса, Янги - 2021 йилга "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" дея ном берилганлиги қалбимизни беҳад ғурурга тўлдирди. Зиммамизга эса янада юксакроқ масъулият юклади.

Мурожаатноманинг аввалида таъкидланганидек, "пандемия барчамизга тиббиётнинг бирламчи бўғини, тез ёрдам хизмати, санитария-эпидемиология тизимини тубдан ислоҳ қилиш муҳим ҳаётий зарурат эканини яна бир бор кўрсатди.

Ҳозирги вақтда дунёнинг бошқа минтақаларида кузатилаётган "пандемиянинг навбатдаги тўлқини" ва у билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳаммамизни янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундамоқда.

Буюк аждодимиз Имом Мотуридий ҳазратларининг "Тириклик ҳикматини соғлиқда, деб билгин", деган чуқур маъноли сўзлари нақадар тўғри эканини ҳаётнинг ўзи бугун қайта-қайта исботламоқда.

Шу боис, мавжуд имконият ва салоҳиятимиз, пандемия даврида орттирган тажрибамиз ҳамда хориждаги ил­ғор ютуқлардан фойдаланиб, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳотларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур".

Президентимиз 2021 йил учун яна бир муҳим йўналиш сифатида белгиланган тиббиёт соҳасида қуйидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан:

Биринчидан, келгуси йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлади. Бу ишлар учун 2021 йил давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан, албатта, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилади.

Санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этишга 200 миллион доллар йўналтирилади.

Пандемия сабоқларидан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўлами янада кенгайтирилади. Жумладан, барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш чоралари кўрилади.

Шунингдек, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина йўлга қўйилиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятлар янада кенгайтирилади.

Иккинчидан, она ва бола соғлиғига эътибор - жамиятга, келажакка эътибор. Шу мақсадда, кейинги йилдан бошлаб, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади.

Бу жараён билан 2021 йилда 11 миллион нафар, 2022 йилда 17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ва бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайтирилади.

Учинчидан, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарур.

Бу борада бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори ўрнига оилавий шифокор ва унга 5 та ёрдамчи-ҳамширадан иборат тиббий бригадалар ташкил қилинади.

Ҳар бир маҳаллада, энг аввало, 5 ёшгача болалар, шунингдек, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлганлар, қон-томир, онкологик, эндокрин каби касалликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан ишлашнинг алоҳида тизими жорий этилади.

Шу билан бирга, давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхати қайта шакллантирилиб, улар билан аҳолини кафолатли таъминлаш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилади.

Шунингдек, тиббий хизматлар кўрсатишда бирламчи бўғин қамровини кенгайтириш мақсадида келгуси 3 йилда 315 та оилавий шифокор пункти ва 85 та оилавий поликлиника ишга туширилади.

Бундан ташқари, "қишлоқ шифокори" дастури доирасида олис ҳудудларда иш бошлайдиган мингдан ортиқ врачларга 30 миллион сўмдан ёрдам пули берилади ҳамда улар хизмат уйлари билан таъминланади.

Олис ва чекка ҳудудларда бирламчи ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш ва эҳтиёжманд аҳоли учун скрининг тадбирларига хусусий шифохоналар ҳам жалб қилиниб, уларга субсидия ажратилади.

Аҳолига энг яқин, унинг саломатлиги билан бевосита шуғулланадиган ўрта бўғин тиббиёт ходимлари - ҳамшира ва фельдшерларнинг обрўси ва мавқеини оширишга алоҳида урғу берамиз.

Жумладан, 47 та Ибн Сино техникумини ҳар йили битирадиган 20 минг­дан ортиқ ўғил-қизларимиз тиббиётнинг бир нечта соҳаларида касб эгаси бўлиб чиқади.

Шунингдек, ўрта бўғин тиббиёт ходимларига "ҳамширалик иши" билан мустақил шуғулланиш учун рухсат берилади.

Тўртинчидан, ҳозирги кунда 12 минг­дан зиёд фуқароларимиз оқ қон ва оғир ирсий гематологик касалликдан азият чекмоқда. Шу сабабли келгуси йилда онко-гематология соҳаси ҳамда даволаш қийин бўлган касалликлар бўйича мураккаб диагностика ва тиббий амалиётлар учун бюджетдан 250 миллиард сўм ажратилади.

Ўткир буйрак етишмовчилиги бўлган 5 мингдан ортиқ бемор эса илк бор бепул гемодиализ хизмати билан қамраб олинади ва шу мақсадлар учун бюджетдан 140 миллиард сўм йўналтирилади.

Шунингдек, эндокрин касалликларни аниқлаш ва даволаш мақсадида ҳудудий шифохоналарда махсус бўлимлар ташкил этилади. Бунинг учун 2021 йилда бюджетдан 150 миллиард сўм ажратилади.

Яна бир масала - аҳолимизнинг катта қисмини қийнайдиган ўткир қон-томир касалликлари бўйича 35 та туманлараро марказ ташкил этамиз. Ушбу марказлар аҳолига инфаркт ва инсульт ҳолатларида тезкор ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш орқали ўлим ва ногиронликни камайтиришга хизмат қилади. Шу тариқа ҳар йили камида 30 минг нафар инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинади.

Бешинчидан, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим омилдир.

Келгуси йилда 70 та жисмоний тарбия ва спорт муассасаси, 16 мингта боғча ва мактабларни спорт жиҳозлари билан таъминлашга 100 миллиард сўм ажратилади.

Шунингдек, барча туман марказлари ва шаҳарларда пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилади.

Аҳолини оммавий спорт турларига кенг жалб қилиш орқали 2021 йилда қамров ҳозирги 19 фоиздан 25 фоизга етказилади.

Кўриниб турибдики, соҳамиз олдида Янги йилда бағоят залворли вазифалар турибди. Умид қиламанки, янада ҳамжиҳат бўлиб, сидқидилдан хизмат қилиб, бу улуғвор вазифаларни амалга оширишга эришамиз ва халқимизни тиббиётдан розилигини таъминлаймиз.

Соҳа равнақи йўлида улкан муваффақиятларга кенг имкониятлар очилаётган экан, халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз юксак натижалар беришига ишончимиз комил.