дейди Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали директори
Солижон МЎМИНОВ
Дилда катта орзу умидлар билан 2021 йилни кутиб олдик. Янги йил ватанимиз тараққиётида ўзига хос давр бўлади, десак муболаға эмас. Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги улуғвор вазифалар бундан яққол далолат бериб турибди. Айниқса, 2021 йилнинг "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" дея номланишининг ўзида ҳам жуда катта маъно мужассам.
Дарҳақиқат, Янги йилда халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизмат кўлами ва сифатини оширишда бағоят улкан ишлар мўлжалланмоқда. Бу залворли вазифаларни ҳаётга татбиқ қилиш учун биз шифокорлар зиммамиздаги юксак масъулиятни ўн чандон кўпроқ ҳис қилган ҳолда фаолият кўрсатишимиз керак.
Зеро, Юртбошимиз Мурожаатномасида қайд этилган бешта устувор йўналишдаги режаларни рўёбга чиқариш учун биз саломатлик посбонлари масъул эканлигимизни чуқур англаб турибмиз. Албатта, ҳамжиҳатликдаги астойдил саъй-ҳаракатларимиз билан бирламчи тизим иши янги босқичга кўтарилади. Бунинг учун изчил ва талабчанлик билан иш олиб боришимиз лозим.
Ибратли фаолиятимиз билан аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришда ва ҳамюртларимиз жисмоний фаоллигини оширишда, соғлом овқатланиш тарғиботида юқори натижаларга эришишимиз мумкин. Бунинг учун оммавий ахборот воситалари таъсирчан имкониятларидан самарали фойдаланишимиз зарур бўлади.
Ихтисослаштирилган тиббий хизмат доирасини кенгайтириш ҳам элимиз саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил эканлигини унутмаслик жоиз. Республика муассасаларининг вилоятлардаги, вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг эса туманлардаги фаолияти аҳоли саломатлик кўрсаткичларини яхшилашда, кўплаб хасталикларни барвақт аниқлашда катта самара бериши тажрибадан яхши маълум.
Мурожаатноманинг муҳим йўналишларидан бўлган ушбу амалиётни дадил қўллашга киришилди. Академик В. Воҳидов номидаги ихтисослаштирилган хирургия марказининг бир гуруҳ олим-шифокорлари, пойтахтимиздаги қатор илмий марказларнинг малакали мутахассислари вилоятимизга келиб, ўнлаб мураккаб жарроҳлик амалиётларини амалга оширишаётган бўлишса, вилоятимиздаги тиббиёт муассасаларида хизмат қилаётган фан докторлари ва номзодлари ҳамда тажрибали мутахассислардан иборат гуруҳлар олис қишлоқлар аҳолиси ҳузурида бўлиб, намунали тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Янгиликнинг моҳияти шундаки, аввало ихтисослаштирилган тиббий хизмат аҳоли яшаш жойларига яқинлаштирилмоқда. Шу билан бирга бирламчи тизим ишини жонлантиришга ва унинг хизмат кўрсатиш даражасини юксалтиришга ҳам муваффақ бўлинмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар наманганлик тиббиётчиларнинг дилига жо бўлган. Янги йилда янгича тизим, янгича шижоат билан иш ташкил қиламиз. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда юқори натижаларга эришишимизга сира ҳам шубҳа йўқ. Зеро, бурч масъулияти шунга ундайди.