ВИЛОЯТ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ БОШҚАРМАСИДА мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим тарихий воқеа - Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасини ўрганиш юзасидан тадбир ташкилланди. Унда тизимда фаолият юритаётган шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бош врачлари, вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг раҳбарлари иштирок этдилар.

Тадбирни бошқарма бошлиғи Абдилходи Иминов очди ва олиб борди. У давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси йил сарҳисоби, қилинган ишлар таҳлили, янги ғоя ва ташаббусларга, режаларга бойлиги билан ажралиб турганлигини, барча соҳалар қатори тиббиёт соҳасида ҳам устувор вазифалар белгилаб берилганлигини бу эса шифокорлар зиммасига жуда катта масъулият юклаганлигини таъкидлади. 2021 йил учун муҳим йўналиш сифатида белгиланган соҳага оид устувор вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, тиббиёт муассасаларида вилоятимиз аҳолисига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатаётган бош врачдан тортиб шифокору, ўрта тиббиёт ходимигача Мурожаатномани ўқиб-ўрганиши, бундан тегишли хулосалар олиши ва шу асосда 2021 йил иш режалар тузилиши кераклиги мақсадга мувофиқлигини уқтирди.

А. Иминов Мурожаатномадаги улуғвор вазифалар амалга оширилиши учун барча саломатлик посбонларини муносиб ҳисса қўшишга чақирди. "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"да вилоятимиз аҳолисига намунали тиббий хизмат кўрсатиб, уларнинг рози яшашлари учун ҳамжиҳатликда ва сидқидилдан фидокорона хизмат қилиш бизнинг бурчимиз", дея таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномаси мазмун - моҳияти бўйича вилоят эндокринология диспансери бош врачи, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов, ВКТТМ бош врачи, тиббиёт фанлари номзоди Равшанбек Темиров, РШТЁИМ Наманган филиали директори Аброр Алижоновлар ҳам сўзга чиқишди.

 

ВИЛОЯТ ОНКОЛОГИЯ ШИФОХОНАСИДА янги йилнинг биринчи иш куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини ўрганиш билан бошланди. Тарғибот тадбирини шифохона бош врачи Анваржон Эшонов кириш сўзи билан очди ва Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини бирма-бир шарҳлаб ўтди. Тиббиётчиларга тааллуқли қисмини эса газетадан ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг врачлардан Солижон Холиқов, Акмалжон Тожибоевлар сўзга чиқишиб, Юртбошимиз томонидан 2021 йил учун қўйилаётган вазифаларни бажаришда шифохона жамоаси фаолликни янада оширишини таъкидлашди. Айниқса онкологик касалликларни эрта аниқлаб, даволаш самарадорлигини кескин ошириш учун ҳар бир тиббиёт ходими юксак масъулият ҳисси билан ишлаши кераклигини алоҳида таъкидлашди.

- 2021 йилнинг "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб номланиши ғоят мақсадга мувофиқ бўлди, - деди биз билан суҳбатда бош врач Анваржон Эшонов. - Аҳил жамоамизда ҳам ёшлар кўпчиликни ташкил этишади. Уларнинг муаммоларини доимо ўз вақтида ҳал қилиб борамиз. Профилактика ишларига эътиборни кучайтириб, беморларни даволашда юқори самарадорликка эришамиз.