- деди Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини таъминлаш масалалари бў­йича маслаҳатчиси, врач Баҳодир Турдиев давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатномасига муносабат билдириб, сўнг қуйидагиларни таъкидлади:

- Биз, шифокорлар 2020 йилда катта синовдан ўтдик. Осон бўлмади, лекин билимимиз ва малакамизни астойдил сарфлаб, қанча-қанча одамларни коронавирус балосидан омон сақлаб қолдик. Бундан ғоят мамнунлик туйиб турибмиз. Бугун эса янада ҳушёр ва сергак яшашимиз ва ишлашимиз лозим. Президентимиз уқтирганларидек: "Ҳозирги вақтда дунёнинг бошқа минтақаларида кузатилаётган "пандемиянинг навбатдаги тўлқини" ва у билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳаммамизни янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундамоқда".

Мурожаатномада соғлиқни сақлаш тизимида барча ишларни тўхтовсиз такомиллаштириш борасидаги ғоят муҳим вазифалар бирма-бир кўрсатиб ўтилди. Чунончи, пандемияга қарши курашни тизимли давом эттириш, санитария-эпидемиология ишлари сифатини ошириш, она ва бола соғлиғига эътиборни кучайтириш, бирламчи бўғинга мутлақо янгича механизмларни жорий қилиш, аҳоли саломатлигини тобора мустаҳкамлашга катта маблағлар йўналтирилаётгани ҳар биримизнинг кўнглимизга беҳад мунавварлик югуртирди, десам асло янглишмайман.

Албатта, меҳнатсевар ва фидойи халқимиз янги йилнинг янги вазифаларини сидқидилдан адо этишга астойдил енг шимариб киришмоқда. Мурожаатномада таъкидланганидай: "Ҳеч шубҳасиз, ўз кучимиз ва имкониятларимизга бўлган ишонч бизни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида бирлаштириб, янада кучли ва мустақкам қилмоқда". Бу эса бугунги режаларимиз - эртага натижа касб этишига олиб боришининг муҳим омилидир.