Мамлакатимизда ёшлар сон жиҳатидан кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг иқтисодиётда ҳам, ижтимоий соҳаларда ҳам салмоқли ўрни бор. Навқирон авлод зиммасига юклатилаётган вазифалар йилдан-йилга залворли бўлиб бормоқда. Юртнинг бугуни учунгина эмас, эртаси учун ҳам масъуллик ҳисси йигит-қизларни марраларни тобора баланд олиб, билим асосларини чуқур эгаллашга, қайси тармоқда бўлмасин мардона меҳнат қилишга ва умуман Янги Ўзбекистонга муносиб янгича дунёқараш билан яшашга ундагани ундаган.

Мен ана шу ёшларнинг сафларида борлигимдан беҳад ғурурланаман. Президентимиз таклифлари билан 2021 йил "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб номлангани янада қувончли. Бу эса, умидларимиз ушалишига яратилаётган шароитлар яхшиланишига имкониятлар кенгайишига ва имтиёзлар кўпайишига ишончимизни орттириб юборди. Ахир якунланган йилда улардан самарали фойдаланиб эришган натижаларимиз чакки бўлмади-да.

Мен 2018 йили Тошкент тиббиёт академиясининг тиббий профилактика факультетини тамомлаб, Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмасида врач-лаборант ва врач-эпидемиолог вазифасини адо эта бошладим. Фаолиятимга қўшиб, илмий изланишларга киришдим. "Онкологик касалликларни эрта аниқлаш" ҳамда "Простатит касаллиги диагностикаси" бўйича изланишлар олиб бордим. Энг муҳими, қисқа фурсатда муайян натижаларга эришдим. Республика Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан уюштирилган "Энг фаол ёш шифокор" танловининг вилоят бос­қичида биринчи, республика босқичида учинчи ўринларни эгалладим.

2020 йил ҳаммагаям оғир ва синовли кечди-ю, бироқ шифокорлар учун янада машаққатли ўтди. Пандемия шароитида жонни гаровга қўйиб, эл дардини ўз дардидек туюб, шунга даво чоралари излашимизга тўғри келди. Биз каби мутахассислар коронавирус касаллиги бўйича эпидемиологик суриштирув ўтказиш, контактда бўлганлар билан фуқароларни алоҳидалаш, гумон қилинганларни ПЦР усули бў­йича текширувга йўналтириш вазифаларини изчил уддалаш учун кеча-кундуз шуғулландик.

Албатта, ҳар қандай муаммоли вазиятда керакли ечимларга интилиш ҳисси кишини ташаббускорликка интилтиради. Вилоятда биринчилардан бўлиб, коронавирус диагностикасини имкон қадар тезлаштириш йўлларини қидириш ҳаракатига тушдик. Туманимизда қон таҳлили бўйича ИФА усулини дадил қўллай бошладик. Иммунофермент таҳлили учун 15 дақиқа етарли эканини аниқладик. Бу тезкор амалиётимиз пандемияга қарши курашда, вирус хавфининг олдини олишда катта самара ва аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида Президентимиз Фармонига мувофиқ "Мард ўғлон" давлат мукофоти билан тақдирланганим бир умрга татигулик ҳодисага айланди. Бу мукофот кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшиб юборди. Шу билан бирга зиммамдаги масъулиятимга янада масъулият қўшилганини чуқур англаб етдим.

Якунлаган йилнинг 29 декабрида Президентимиз Парламентга ва бутун Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатнома билан чиққанларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ҳар қачонгидан кўра юқори поғонага кўтариш муҳимлигини жон куйдириб таъкидладилар. "Биринчидан, келгуси йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш - энг муҳим вазифаларимиздан бири бўлади" дея кўрсатиб ўтдилар. Чунки, ҳали хавфдан батамом қутилганимиз йўқ. Вирус ёнимизда юрибди. Ҳушёрлик, сергаклик, ниқобни ташламаслик, оралиқ масофани сақлаш, покизалик ҳамон барча-барчага тааллуқли. Шундагина соғлигимизни асрашимиз мумкин. Акс ҳолда кейин пушаймонликдан фойда кўрмаймиз.

Юртимизда эпидемиологик осо­йишта ҳаётни ва иқтисодий ривожланиш барқарорлигини таъминлашга фаол ҳисса қўшиш ҳаммамиз учун фуқаролик фарзи эканини бирор лаҳза унутмаслигимиз шарт.

Фарруҳбек АБДУХАЛИЛОВ,

Янгиқўрғон туман тиббиёт бирлашмасининг

врач-лаборант ва врач-эпидемиологи,

"Мард ўғлон" давлат мукофоти соҳиби.