дейишди чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан
мамнун бўлган Ғова қишлоғи аҳолиси
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини изчил таъминлаш мақсадида олис ва чекка ҳудудларда бирламчи ва ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш, эҳтиёжманд аҳоли учун скрининг тадбирларини мунтазам ташкиллаштириш йўлга қўйилди.
Янги йилнинг илк тадбирлари Чуст туманидаги Ғова қишлоғидан бошланди. 49-оила поликлиникаси эрта тонгдан одамлар билан гавжум бўлди. Бу ерга вилоятдаги ихтисослашган илмий марказларнинг олим-шифокорлари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси штатсиз бош мутахассислари ва тор доирадаги шифокорларидан иборат гуруҳ аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун ташриф буюрди. Улар ўзлари билан жаҳон андозалари даражасида жиҳозланган офтольмобиль, реономобиль УЗИ, ЭКГ аппаратларини ҳам олиб келишиб, аҳолини тиббий текширувдан ўтказишди.
Невропотолог, кардиолог, акушер - гинеколог, эндокринолог, уролог, хирург, терапевт, онколог, педиатр, лор, офтольмолог, аллерголог, болалар шифокорлари ва бошқа мутахассислар аҳолига керакли ёрдам кўрсатиш учун хизматга шай турдилар. Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасининг врачлари эса уларга ҳамкорлик қилишди.
Соғлик - бебаҳо бойлик. Буни чуқур ҳис қилган Юқори, Тинчлик, Ғовасой соҳили, Янгиҳаёт, Варзигон маҳалла фуқаролари йиғинидаги аҳоли вакиллари шундай имконият ва қулай шароитдан унумли фойдаланишди. Мутахассисларнинг зарур маслаҳат ва тавсияларини олишди. Айниқса, юқумсиз хасталиги бор фуқаролар кўрик жараёнида саломатликларидаги ўзгаришлардан хабардор бўлдилар. Туман ҳамда вилоят марказига ортиқча сарф-ҳаражат қилиш, шифохонама-шифохона юриш, аппарат излаш каби оворагарчиликларнинг олди олинди. Айниқса, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосовнинг кўрикларидан барча мамнунлик туйди. Диабет хасталиги бор беморлар учун олим-шифокорнинг кўриги айни муддао бўлди.
- Узоғимизни яқин қилганларга минг раҳмат! - дейди 71 ёшли Нурмурод Нарзуллаев.- Ўнг биқинимда бот-бот оғриқ борлиги сабаб вилоят шифохонасига бормоқчи бўлиб турган эдим, у ердагиларнинг ўзлари қишлоғимизга келишгани қандай соз. УЗИ ва рентген аппаратига тушдим. Хирург Равшанбек ўғлим шу ернинг ўзида хасталик аломатларини аниқлади. Керакли муолажаларни ёзиб берди.
- Яхшиям кўрик уюштирганларингиз, - деди Соҳиба ая Мирзавалиева. - Жигаримни бироз ёғ босипти, буйрагимда шамоллаш бор экан. Врачларнинг маслаҳатларини олдим, дори-дармонлар ёзиб беришди. Энди ўз вақтида даволанаман.
- Фарзандларим Донохон ва Абдувохидхонни вилоят болалар шифохонасига олиб боришим керак эди, - деди Дилноза Нурматова. - Болалар травматологи, невропотологи, окулисти, хирурги - айни бизга керакли врачларнинг қишлоғимизга келганлиги, узоғимизни яқин қилди. Тадбир ташкилотчиларидан миннатдормиз.
Пандемия шароитида коронавирус инфекциясидан хавфсираганлар рентген апаратига тушишиб, саломатликларидан хотиржам бўлишди. Қолаверса, улар соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик ва бадантарбия машқларининг аҳамияти, зарарли одатларнинг инсон саломатлигига салбий таъсири, юқумсиз хасталикларнинг профилактикаси юзасидан тавсиялар ҳам олишди. Спорт-соғломлаштириш машқларини оилаларида фарзандлари билан биргаликда бажаришни мақсад қилган ота-оналар ҳам кўп бўлди.
Кўрик давомида ногиронлиги бўлган шахслар ва эҳтиёжманд оилаларнинг хонадонларига ҳам борилди.
- Энди вилоят шифохоналаридаги юқори малакали мутахассисларнинг чекка қишлоқларда яшовчи аҳолининг ҳузурига келишлари бежиз эмас, - дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи, тиббиёт фанлари номзоди Равшанбек Темиров. - Мақсадимиз уларга ҳам малакали, ҳам сифатли тиббий хизматдан баҳраманд бўлишлари учун тўла шароит ва имкониятларни яратишдан иборат. Скрининг тадбирлари натижасида юрак-қон томир, онкологик, қандли диабет, асаб тизими ва бошқа касалликларга мойиллиги бор шахслар аниқланган тақдирда, уларни даволаш ва тўғри ташхислаш чора-тадбирлари кўрилади. Вилоят даволаш-профилактика муассасаларига йўналтирилади. Қолаверса, бирламчи тизимда фаолият юритаётган оила шифокорлари ва ҳамшираларнинг ҳам малака-маҳоратларини мукаммаллаштириш, тажрибасини ошириш ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Манзура ЭРГАШЕВА.