Янги йил арафасида замонавий қиёфа касб этган, шароит ва имкониятлари тубдан янгиланган Поп тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси биноси фойдаланишга топширилди.
- Реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишларига 4 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди, - дейди поликлиника мудири Фарида Умарова. - Шуни мамнуният билан таъкидлашни истардимки, 88 нафар шифокор, 202 нафар ҳамшира ва 33 нафар кичик тиббиёт ходимлари энди ҳар томонлама қулай шароитларда аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишади. Бизга шундай яхши шароитларни яратиб берган, ёзнинг иссиқ, қишнинг совуқ кунларида ҳам меҳнат қилган "Сифат-кафолат" масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари ва қурувчиларидан беҳад миннатдормиз.
Мукаммал таъмирдан чиққан поликлиника биносининг очилиш маросимида туман ҳокими Аъзамжон Султонов сўзга чиқиб, мазкур тиббиёт муассасаси одамлар саломатлигини сақлаш ва аҳоли орасида соғломлар сафини кенгайтиришда муносиб ўрин тутишини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, нотиқ шарафли ва машаққатли касб эгаларининг ишларига янги йилда янги муваффақиятлар тилади.
Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Мухторжон Жўрабоев иштирок этди.