Мустақил мамлакатимизда байрамлар кўп, улар ичида Қуролли Кучлар ташкилланган кун алоҳида фахру ғурур билан нишонланади. Бу йил эса унинг 29 йиллиги байрам қилинмоқда. Бугун ана шундай қутлуғ кун. Истиқлол даври тарихидан ўчмас саҳифа сифатида ўрин олган ўша айёмни ҳамон яхши эслаймиз. 1992 йилнинг 14 январида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг "Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар ва ҳарбий ўқув муассасалари тўғрисида"ги қарори қабул қилинган.

2017 йили Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 25 йиллиги муносабати билан Ватанимиз ҳимоячиларига байрам табриги"да "Ўзбекистон мустақилликка эришган биринчи кунларда айнан Ислом Абдуғаниевич намоён этган принципиал позиция, сиё­сий ирода ва азму шижоат туфайли миллий армиямизга асос солинди... Биринчи Президентимиз айнан ўша оғир йилларда "Ўзининг буюк тарихи ва аждодларига муносиб ворис бўлган халқимиз мамлакат хавфсизлигини таъминлашга қодир армия ярата олади", деб катта ишонч билан айтган эдилар. Бугун ана шу улкан ишончга ҳар томонлама лойиқ бўлган Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигини барчамиз кўриб турибмиз".

Дарҳақиқат, мустақил юртимизнинг мустақил армияси давлатимиз ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз дахлсизлигини, хал­қимиз тинчлигини таъминлашни тўла уддалаб келмоқда. Бошқача айтганда, Ватанимиз ҳимоячилари бўлган ҳарбийларимиз осо­йишта ҳаётимизнинг ишончли пос­бонларидир.

Бугун ота-оналарнинг ҳам кўнгиллари тўқ. Ўғлонларини Қуролли Кучлар сафига хотиржам ҳолатда кузатишяпти. Чунки, улар учун ҳарбий қисмларда барча зарур шароитлар муҳайё қилиб қў­йилган. Чиниқиш мактабини ўтаётган ҳар бир йигит командирлар раҳнамолигида ўзини марду майдон сифатида мағрур тутади, билимига билим қўшади, техникаларни бошқаришни қунт билан эгаллайди, машқларда мардона тобланади. Қалбидаги ватанпарварлик туйғуси уни элу юртга, қасамига ҳамиша садоқатли бўлиш кафолатини беради. "Мен озод ва обод юртнинг посбониман, ота маконим ва она юртимни кўз қорачиғидай асрашга ҳар қачон қодирман!" дея баралла айта олади. Шу боис, аксарият аскарларимизнинг жанговар тайёргарлик аълочиси сифатида командирлари олдида юзлари ёруғ. Энг муҳими, ҳарбий қисмларда ишлаётган командирлар, ҳарбийликка ўқиётган курсантлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Ўзбек армияси - ўзбек йигитларининг мардлик масканидир. Улардан Ватан ҳам, ота-оналари ҳам миннатдор. Давлатимиз ғамхўрлигининг тобора ортиб бораётгани шундан далолат.

Президентимиз ўтган йилнинг 29 декабрида Парламент ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида: "Келгуси йилда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ривожлантириш бўйича ислоҳотларимизни давом эттирамиз. Хусусан, Қуролли Кучларимиз қудратини, қўшинларнинг профессионал ва жисмоний салоҳиятини юксалтириш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбия­лаш ишларига алоҳида эътибор қаратамиз" деб бежиз гапирмади. Тинчлик бор жойда - тараққиёт, барака ва юксалиш бор. Тинчликнинг ишончли посбонлари ҳамиша қадрланишга, ардоқланишга муносибдирлар. Халқ билан армия доимо бир тану бир жон бўлса, Ватанимиз - Янги Ўзбекис­тонимиз - гуллаб яшнайверади. Қудратли мамлакат мақомига эришиш учун дадил қадамлар ташланаверади.