Республика сил касалликларига ихтисослаштирилган Парда Турсун сиҳатгоҳида ишловчиларнинг жисмоний фаоллигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада уларни спорт мусобақаларига жалб этиш усулидан самарали фойдаланиляпти. Янги йил арафасидаги тадбир айниқса ҳаяжонли кечди. Мусобақани сиҳатгоҳ бош врачи Муҳаммадниёз Эргашев тантанали очгач, спортнинг уч йўналиши бўйича старт берилди.

Эрталаб бошланган тадбир давомида муассасанинг наинки шифокорлари, ўрта тиббиёт ходимларию, бошқа ишчи-хизматчиларигача ўзларининг спортдаги куч-қувватлари, чаққонликлари ва маҳоратларини синаб кўришди. Ниҳоят беллашувларга якун ясалди. Биринчи йўналиш - қисқа масофага югуришда ҳамширалар Зарифа Холмирзаевага биринчи, Дилафрўз Абдураимовага иккинчи, Феруза Нишоновага учинчи ўринлар насиб этди.

Иккинчи йўналиш - тош кўтариш бўйича ғолибликни муҳандис Санжар Холметов, нурчи Фарруҳ Холмирзаев, хўжалик ишлари мутасаддиси Ғайрат Мадаминовлар қўлга киритишди.

Учинчи йўналиш - стол теннисида врач Кескир Шерматов, катта тиббий оға Жасур Каримов, рентген - лаборант Бунёд Мирзааҳмедовлар фахрли ўринларни эгаллашди.

Ғолиблик шарафига эга бўлган спорт ишқибозлари моддий мукофотлар билан сийландилар. Биринчи ўриндагилар 300 минг, иккинчи ўриндагилар 200 минг, учинчи ўриндагилар 100 минг сўмдан мукофот соҳибига айланишди. Рағбат спорт билан астойдил шуғулланувчилар сафининг янада кенгайишига жамоа аъзоларини янада руҳлантириб юборган бўлса ажаб эмас.