Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдилходи Иминов ташаббуси билан Поп туманининг олис Чотқол тоғ ён бағирларига туташ "Гулистон" оилавий шифокор пункти ҳар қачонгидан ҳам гавжум бўлди. Боиси аҳолига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг тор доирадаги мутахассисларидан иборат гуруҳ ташриф буюрганди.

Юқори малакали олим-шифокорларнинг қишлоқ аҳолиси ҳузурига келишлари айни муддао эди. Ахир Поп тумани марказигача 50 километрдан ошиқ, то вилоят маркази Наманган шаҳригача 100 километр йўл босиб бориш учун уларга энди ҳожат қолмади. Ортиқча сарф-ҳаражату, сарсонгарчилик, шифохонама-шифохона юришу, аппарат излаш каби оворагарчиликларнинг ҳам олди олинди. Тиббиёт фанлари докторлари - Муҳаммаджон Ваққосов (эндокринолог), Ёдгормирза Нурматов (болалар урологи), тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Акмалжон Тожибоев (онколог) каби саломатлик посбонлари қишлоқ аҳли учун беминнат хизматга киришишди.

Улар билан биргаликда нев­ропотолог, кардиолог, акушер - гинеколог, эндокринолог, уролог, невропотолог, терапевт, онколог, маммолог, педиатр, лор, офтольмолог, аллерголог ва бошқа мутахассислар аҳоли саломатлигини сақлаш, уларга керакли ёрдам бериш учун хизматга шай турдилар. Бу гал аввалгилардан фарқли ўлароқ ҳар бир соҳа бўйича бир неча мутахассиснинг ҳозиру нозирлиги кўрикка келаётганларга янада қулайлик туғдирди. Тиббий жараёнларнинг муҳим жиҳатлари шунда бўлдики, вилоят марказидан борган шифокорлар ўзлари билан бирга жаҳон андозалари даражасида жиҳозланган "Мобил офтольмополиклиника", Реаномобиль, УЗИ, ЭКГ аппаратларини ҳам олиб боришгани тадбирнинг юқори савияда ўтказилишига тўла имкон берди.

Ўз саломатликларига эътиборсиз қарамаган "гулистон"ликлар бундай қулайликлардан унумли фойдаланишди. Пойин, Олмазор, Танги, Шодлик, Тахтакўприк, Эшонбобо, Боло, Дуоб, Қандиҳон кўчаларида яшовчи кексаю-ёш, оналару-болалар кўрикка ошиқишди. Сурункали касаллиги бор фуқаролар, ногиронлиги бор шахслар, 2 ва 3 нафардан ошиқ ёш болали оналар учун тиббий кўрик жуда фойдали кечди. Улар қишнинг совуқ кунларида туман ёки вилоят марказларига қатнаш машаққатидан қутулишди.

- Шифокорларнинг қишлоғимизга келганлигидан жуда-жуда мамнун бўлдим, - дейди Наргиза Турдалиева. - Энг чекка кўчада - тоғнинг биқинида яшаймиз. Бир неча кундан буён фарзандларимдан ортиб гинеколог кўригига боролмаётгандим. Патронажларимиз уларнинг шу ерга келишганини айтганларида севиниб кетдим. Мана, турмуш ўртоғим билан УЗИ аппаратига тушдик. Ўпкамизни текширтирдик. Перинатал марказдан келган акушер Хуршидахон ҳолатим билан обдон танишиб, бачадонимда шамоллаш борлигини аниқлади. Керакли дори-дармонларгача ёзиб берди.

- Ошқозонимдан ўсимта олдирган эдим, - дейди Неъматулла Акбаров, - Олти ойдан кейин вилоят шифохонасида текширувдан ўтасиз, дейишганди. Буни қарангки, энг малакали онколог врач Акмалхон Тожибоев шу ернинг ўзида қабул қилди.

Операция ўрни яхши битаётганлигини, ҳолатим ҳам қониқарли эканини айтганида кайфиятим ғоят кўтарилди. Кўрикни уюштирганларга мингдан минг раҳмат!

- Фарзандларимни педиатр, нев­ропотолог, уролог, лор ва офтольмолог кўригидан ўтказдим. Ўзим ҳам УЗИ, ЭКГ аппаратларига тушдим, худога шукр соғ-саломат эканмиз, - дейди Маҳлиё Рустамова.

- Узоғимизни яқин қилганларга минг раҳмат, - дейди 70 ёшли Абдумалик Иноятов. - Қарангга, - вилоят муассасаси олим-шифокорларнинг ўзлари қишлоғимизга келишса-я. Келин-қизларим, ўғилларим, невара-эвараларимгача кўрикдан ўтдик. Рентген аппарати ҳам шу ерга олиб келинганлиги айтмайсизми. Барчаларидан миннатдормиз.

Чуқурлаштирилган тиббий кўриклар, саломатлик суҳбатлари ва сабоқлари аҳолини беҳад мамнун этди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Аҳолини соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими томонидан тақдим этилган тўғри овқатланиш пирамидаси қишлоқ аёлларида катта қизиқиш уйғотди. Чунки фарзандлар саломатлигига кўпроқ оналар масъулдирлар. Тўғри овқатланишда нималарга эътибор бериш лозимлиги ҳақида кўриклар давомида танишиб бордилар. Энди улар бу қоидаларга, албатта, амал қилишни дилларига тугиб қўйишган бўлса ажаб эмас.

- Мазкур тадбир бирламчи тиббий санитария ишини янада яхшилашга қаратилган, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдилҳоди Муҳиддинович. - Энди биз нафақат марказда балки энг чекка-чекка ҳудуларида ҳам изчил иш олиб борамиз. Аҳолимизнинг ҳам малакали, ҳам сифатли тиббий хизматдан баҳраманд бўлишлари учун тўла шароит ва имкониятларни яратамиз. Вилоятимиздаги юқори малакали мутахассисларнинг ўзлари чекка қишлоқларда яшовчиларнинг ҳузурига келишади. Илгарилари ғоят муракаб саналган, фақат пойтахтдагина амалга ошириладиган операциялар бугун бемалол вилоят марказидаги шифохоналарда уддаланяпти. Ана шундай мураккаб ноёб амалиётларни керак бўлса туманларда ҳам ўтказамиз. Оилавий шифокорлик пунктларида ташкил қиламиз. Айниқса ноинфекцион касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, жисмоний фаоллик, соғлом овқатланиш ва бошқа бир қатор муҳим йўналишлар ҳам доимий диққат-эътиборимизда туради. Энг муҳими, кўриклар бир кунлик эмас, халқимизни тиббий хизматдан рози қила олсаккина, эл саломатлигини таъминлашда кутилган самарадорликка, ижобий натижаларга эришамиз.

Дарҳақиқат, "Гулистон" оилавий шифокор пункти жамоаси 2100 нафардан зиёд аҳолига ҳизмат қилади. 1 нафар врач, 6 нафар патронаж, 4 нафар хона ҳамширалари шу куни ўзларига сидқидилдан кўмак беришган меҳмон шифокорлардан тажриба ўргандилар, муолажа маҳоратини ўзлаштиришди. Бу эса уларнинг эртанги фаолиятларида янада асқотиши шубҳасиз.

Манзура ЭРГАШЕВА.