Халқи соғлом юрт - қудратли бўлади. Ниманики мақсад қилса, ўшанга эришишга куч-қувват сезади, ғайрат-шижоатга тўлади. Юксак марраларни ҳеч қийналмай эгаллаши мумкин. Шунинг учун Янги Ўзбекис­тоннинг меъмори дея эътироф этилаётган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг раҳнамолигида тиббиёт тизими тараққиёти изчиллигини таъминлаш йўлида йилдан-йилга беқиёс ўзгаришлар рўёбга чиқарилаётир. Ахир кечаги дунёқараш билан яшаш ва кечаги қолиплар қобиғида ишлаш билан тиббий хизматдан халқнинг розилигига эришиб бўлмайди. Мавжуд камчиликлардан қутилмас эканмиз, ҳеч вақт муаммоларга муваффақиятли ечим тополмаймиз. Юртбошимизнинг тиббиёт тармоғи ривожига доимий эътибори, ислоҳотларнинг барқарору бардавомлиги эртанги кунимиз янада порлоқ бўлишига ишончимизни тобора мустаҳкамлаб турибди.

Чунончи, шу йилнинг 6 ноябрида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида Президентимиз томонидан долзарб вазифалар белгилаб берилди. Йиғилишда дастлаб қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги аҳвол таҳлил қилинди. Таҳлил этилишича: "2019 йилги ўлим ҳолатларининг 60 фоизи шу бўғинда олдини олиш мумкин бўлган юрак-қон томир касалликлари ҳисобига тўғри келган. Онкология йўналишидаги беморларнинг ярмида касаллик иккинчи ва учинчи босқичга ўтиб бўлганидан кейин аниқланмоқда. Биринчи бўғинда сифат пастлиги учун аҳоли тўғридан-тўғри марказий шифохоналарга боришга мажбур бўлмоқда".

Демак, аввало, бирламчи бўғинда ишни тубдан яхшилаш долзарблик касб этиб турибди. Давлатимиз раҳбари мазкур масалага ижобий ечим топиш учун орадан бир ҳафта ўтиб, яъни 2020 йил 12 ноябрда "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонини эълон қилди. Бундан кўзда тутилган мақсад "Аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўта­риш"­дан иборатдир. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг Фармон ижросини таъминлаш учун 309-сонли буйруғи ҳам қабул қилинган. Буйруққа биноан жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш" ҳудудий ҳамда туман Ғ шаҳар штаблари тузилди. Штабнинг ҳар бир аъзоси зиммасига ўта масъулиятли вазифалар юклатилди. Улар жойларда асосий йўналиш ва топшириқлардан келиб чиқиб, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ташкиллаштириш, жумладан, аҳолини хатловдан ўтказиш, антропометрияни амалга ошириш билан шуғулланишмоқда. Тиббий бригадалар маҳаллаларда ҳар куни фаол иш олиб бормоқда. Айниқса, Наманган шаҳри ва Тўрақўрғон туманида бу борада муайян натижаларга эришилмоқда. Бу муҳим тадбирда вилоят даволаш-профилактика муассасалари вакиллари ҳам сид­қидилдан қатнашишяпти.

Албатта, ҳар бир янгиликнинг ҳаётга муваффақиятли тадбиқ қилинишида белгиланган вазифалар ва уларнинг қандай бажарилиши бўйича тузилган йўриқномаларнинг аҳамияти катта. Вазир буйруғига кўра "Хонадонда антропометрияни ўтказишда амалий кўникмалар бўйича йўриқнома" ишлаб чиқилиб, шу асосда бригадалар уйма-уй юришмоқда. Хатлов ва ўлчовларнинг аниқ ва шаффофлигига эришилаётир.

Ҳозирда вилоятимизнинг ҳар бир ҳудуди гўё "Саломатлик майдони"га айланиб бормоқда. Бирорта маҳалла йўқки, у ерда тиббий бригада аъзолари иш юритмаётган бўлсин. Оқ халатли саломатлик посбонлари хонадонларга бирма-бир киришяпти. Ҳар бир оилада яшовчилар махсус текширув саволномаларидан ўтка­зил­япти. Соғломлик ҳолатларини аниқлаш ва баҳолаш юмушлари кунма - кун тўхтовсиз олиб борилмоқда. Касаллик аломатлари ҳақидаги қайдлардан ўша жойнинг ўзидаёқ тегишли хулосалар ясалмоқда. Фақат шугина эмас, турли хасталикларга сабабчи ҳолатларни аниқлаш имконияти туғилмоқда. Кўпроқ ортиқча вазн, зарарли одатларга ружу қўйилганлик, рационал овқатланмаслик каби салбий иллатлар кўзга ташланмоқда. Натижада фақат билиб олишгина эмас, балки овқатланиш характери ва жисмоний фаоллик ҳолатларини баҳолаш жараёнида уларга қандай маслаҳатлар бериш зарурлигига ҳам ойдинлик киритиб олинмоқда. Хонадоннинг ўзида қисқа йўсинда соғлом овқатланиш суҳбатлари уюштирилаяпти. Чунки, тиббиётчиларнинг ташрифи бесамар кетмаслиги керак-да.

Республика Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова таъкидлаганидек: ушбу амалиёт тадбирлар мажмуасининг биринчи босқичи бўлиб, унинг натижасида хонадонларнинг "тиббий картаси" шакллантирилади. Иккинчи босқичда аниқланган хавф омилларидан келиб чиқиб, мақсадли скрининг дастурлари амалга оширилиб, уларнинг аниқловлари бўйича ҳар бир маҳалланинг "Саломатлик профили" яратилади. Учинчи босқичда касаллик аниқланган беморларнинг индивидуал назорати, соғломлаштириш ва реабилитация тадбирлари амалга оширилади.

Хатлов ва антропометрик ўлчовларни ўтказиш аслида шунчаки юмуш эмас. Масалан, бир хонадонда 5 киши бўлса, барчаси ҳақида тўла ва тўкис маълумот олиниши шарт. Яъни ҳаммасининг бўй узунлиги, тана вазни, бел айланаси, тана вазни индекси, бел айланаси (болаларда бош ва кўкрак айланаси ҳам), артериал қон босими, пульси, сатурациясини ўлчаш, уларни ўта аниқлик билан электрон базага муҳрлаш ва тегишли тартибда тарғибот суҳбати ўтказиш осон эмас. Мана шу машаққатли ва нозик жараён, қунт билан шуғулланишни, ҳар бир ишни виждонан бажаришни талаб этади. Наманганлик тиббиётчилар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилишда юксак уюш­қоқлик ва фаоллик кўрсатишади.

Шуниси диққатга сазоворки, эндиликда Республикамиздаги мавжуд 15 та илмий-амалий тиббиёт марказларининг энг тажрибали ҳамда малака маҳорати юқори мутахассислари Наманганга келишиб, вилоятимиз марказидаги филиаллар ва шифохоналарда беморларни тиббий кўрикдан ўтказишмоқда. Даволаш ва жарроҳлик амалиётларини олиб боришмоқда. Бундан ташқари вилоятнинг чекка туманларигача етиб боришяпти. Худди шундай саъй-ҳаракатлар олис ва чекка қишлоқларга ҳам йўналтириляпти. Вилоятимизнинг тор доирадаги врачлари бу ишга сафарбар қилинмоқдалар. Натижада беморларнинг узоққа қатнашига, оворагарчилигига бир мунча чек қўйилмоқда. Келгусида бу борадаги мавсумийликдан мунтазамлиликка ўтиш ғоят муҳим аҳамият касб этади, албатта.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Президентимиз Фармонига мувофиқ янги 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб қишлоқ врачлик пункти оилавий шифокор пункти деб, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаси эса оилавий поликлиника деб номланади. Уларда туну-кун навбатчи тиббиёт ходими хизмат кўрсатади.

Янги йилга янги механизмларни жорий қилган ҳолда ўтишимиз тармоқдаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш имконини яратиб беради. Халқимизнинг тиббий хизматдан розилигига эришиш борасида қувончли натижалар қўлга киритилиши шак-шубҳасиз.

С. ТОЖИБОЕВ.