Вилоят марказидаги Бобур номли маданият ва истироҳат боғида Наманган шаҳар ҳокимлиги ва шаҳар тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида "Ниқоб - бизнинг дўстимиз" шиори остида тадбир ташкилланди. Унда даволаш-профилактика муассасалари, оила поликлиникалари тиббиётчилари фаол бўлишди.

Тадбирни тиббиёт бирлашмаси бош врачи Шокиржон Ҳайдаров очиб берди. У Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижросига барчанинг диққат-эътиборини тортди. Нотиқ жисмоний фаоллик, тўғри овқатланиш, юқумсиз хасталикларнинг олдини олишда аввало шифокору ҳамшираларнинг ўзлари ўрнак бўлиши учун касбдошларни соғ­ломлаштириш машқларига чорлади.

Спорт машқларини 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Эла Вешнякова бошқарди. Жисмоний машқларнинг инсон учун нақадар фойдали жиҳатларини машқлар жараёнида тушунтириб борди.

Шунингдек, 1-оила поликлиникаси ҳамшираси Шаҳноза Қўчқорова ниқобни қандай тақиш кераклиги ва у бизни вирусли касалликлардан ҳимоя қилиши ҳақида сўзлаб берди. Тадбир давомида мактаб ўқувчилари тиббий антропометриядан ҳам ўтказилди.

- Пандемия бошланганидан буён коронавирус инфекциясидан асраш учун энг муҳим восита саналган ниқоб ҳақиқатан ҳам одамларнинг дўстига айланиб улгурди, - дейди кўп тармоқли марказий поликлиникаси бўлим мудири Мушаррафхон Собирова. - Бу ерда тиббиётчиларгина эмас, педагоглару мактаб ўқувчилари ҳам иштирок этишяпти.

Тадбир дастуридан ўрин олган санъаткорларнинг куй ва қўшиқлари барчани рақс­га ҳам чорлади. "Соғлом ҳаёт учун - 5000 қадам" акциясидаги юриш машқлари эса иштирокчилар фаоллигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этди.

Ўз мухбиримиз.