Республика ихтисослаштирилган гематология ва трансфузиология илмий-амалий тиббиёт марказининг бир гуруҳ мутахассислари вилоятимизга ташриф буюришди. Улар вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг гематология бўлимларида бўлишиб, беморларни тиббий кўрикдан ўтказишди.

Марказнинг малакали мутахассислари Камила Ашрафхаджаева ва Дилафрўз Йўлдошевалар ВКТТМ гематология бўлимида даволанаётган беморларни кўздан кечиришди. Уларнинг анамнези, яъни касаллик тарихи билан обдон танишиб керакли маслаҳат ва тавсияларини бердилар. Айниқса, қон касаллигини аниқлаш, тўғри ташхислаш ва даволаш самарадорлигини ошириш мақсадида беморлар Р. Раҳимжонова, Ш. Отахонова, Г. Турсунова, Ҳ.Назаров ҳамда Ф. Қодировларнинг суяк кўмигидан, миелограмма, яъни иликдан намуна олиш амалиётларини мезбон ҳамкасблари билан биргаликда бажаришди.

Пойтахтлик меҳмон шифокорлар лейкоз, апластик камқонлик, гемофилия, аутоиммун гемолитик камқонлик ва бошқа турдаги қон касалликларининг олдини олиш ва замонавий даволаш усуллари бўйича наманганлик ҳамкасблари билан тажриба алмашишди.

- Тиббиёт тараққиёти ҳамиша эзгулик учун хизмат қилиши лозим, - дейди марказнинг 1-катталар гематология бўлимининг олий тоифали врач-гематологи Камила Ашрафхаджаева. - Камқонлик хасталикларини даволашда бизнинг юртимизда бирмунча ютуқларга эришилмоқда. Лекин ҳали амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳам бир талай. Биз қон касалликларини энди нафақат пойтахтда, балки вилоят марказларининг ўзида, керак бўлса шаҳар ва туманларда самарали даволашга эришишни мақсад қилганмиз. Ташрифимиз давомида тиббиёт муассасаларининг гематология бўлимларидаги шароитлар, кадр­лар фаолияти ва уларнинг салоҳияти билан ҳам яқиндан таниш­япмиз. Мутахассис етишмаётган чекка ҳудудларга бориб, фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказдик.

Шунингдек, республика ихтисослаштирилган гематология ва трансфузиология илмий-амалий тиббиёт марказининг 1-болалар бўлими, олий тоифали шифокори Феруза Ризаева вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг гематология бўлимида лейкоз ва гемофилия­га чалинган бемор болаларни кўрикдан ўтказди. Уларнинг ота-оналари ва яқинларига керакли маслаҳат, тавсия ва кўрсатмаларини берди. Малакали мутахассис маҳаллий ҳамкасблари билан бирга бемор болаларнинг чаноқ суягидан илик олиш пункциясини маҳорат билан бажаришди.

Тошкентлик гематологлар соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдилҳоди Иминов қабулида ҳам бўлишди. Суҳбат чоғида ҳамкорликни янада кенгайтириш тўғрисида келишиб олишди.

Манзура ЭРГАШЕВА.