Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида спорт-соғломлаштириш ишларига катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, пандемия даврида сифатли овқатланиш, мунтазам гимнастика - жисмоний машқлар билан шуғулланишнинг аҳамияти беқиёс.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги "Юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 4063-сонли қарорида ҳам 2019-2022 йилларда бу каби профилактик ишларни амалга ошириш, аҳоли жисмоний фаоллигини ривожлантириш юзасидан кўплаб чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Ана шу қарор ижроси юзасидан шахсан туманимиз ҳокими Анваржон Отаходжаев тавсиялари ва кўрсатмалари билан туман тиббиёт бирлашмасида соғломлаштириш маскани ташкил қилдик.
Алоҳида ажратилган кенг залда ишчи-ходимларнинг бўш вақтларида спорт-гимнастика билан шуғулланишлари учун тренажёр-зал фаолият бошлади.
Бунинг учун тиббиёт бирлашмаси касаба уюшма қўмитаси (раиси Х. Мамажанов), АСТТҚҚ ва ЖФО бўлими (бошлиғи Л. Машарипов) ҳамкорликда велотренажёр, югуриш йўлакчаси, 3 хил машқ бажариш мумкин бўлган тортилиш турниги, бокс қопи ва қўлқопи, гантеллар, гимнастика коптоги, мат-тўшама, ўзгарувчан чўзилиш гимнастик ускуна, теннис столи каби спорт анжомлари ўрнатилди.
Булар учун бирлашма касаба қўмитаси ҳисобидан 13,2 млн. сўм маблағ ажратилди.
Эндиликда ишчи-ходимлар иш вақтларидан сўнг, ўзларига қулай бўлган вақтда тренажёр-залда ўз саломатликларини мустаҳкамлашмоқда.
Янги йил бошидан эса, ушбу машғулот залига алоҳида мутахассис-шифокорни, оммавий спорт тарғиботчисини бириктиришни режалаштирганмиз.
Юқоридаги қарорнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда тиббиёт бирлашмаси таркибидаги барча бўлимларда ходимларнинг мунтазам равишда бадантарбия ва гимнастика машғулотларини ўтказиб бориш йўлга қўйилмоқда.
Бош мақсадимиз эса, биз тиббиёт ходимлари саломатлигимизни доимо сақлаган ҳолда аҳоли ўртасида соғломлаштириш-профилактика ишларини оммалаштиришдан иборат.
Баҳодир СОДИҚОВ,
Чортоқ туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи.