2020 йил бутун дунё халқлари учун ҳам, ўзбекистонликлар учун ҳам оғир синов даври сифатида тарихга муҳрланиб қолмоқда, десак асло янглишмаймиз. Алал оқибат тиббиётчиларимиз учун эса чинакам қаҳрамонлик ва фидойилик йилига айланиб кетганиям ҳаётий ҳақиқатдир.

Мана, йил якунида турибмиз. Коронавирус юртимизда бундан ўн ой аввал қайд этилганди. Мартдан бошланган хавф кундан-кунга кучайди. Касаллик авжига чиқди. Қанчадан-қанча одамни ҳолдан тойдирди, ҳатто ҳаётига зомин бўлди. Эндиликда ортимизга назар солсак, тўғри йўлни танлаб, жабру жафолар гирдобидан осонроқ чиқишга қурбимиз етганини кўрамиз. Бирма-бир эсга оладиган бўлсак, 17 мартдан Ўзбекистон Республикаси Махсус комис­сия­си қарори билан илк бора карантин эълон қилинди. Мамлакатимиздаги барча таълим муассасалари, масжидлар, бозорлар, умумий овқатланиш шохобчалари, хизмат кўрсатиш масканлари ёпилди. Турли туман оммавий тадбирларга чекловлар қўйилди. Шунингдек, авиапарвозлар, темир йўл транспорти қатновлари, жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилди. Ҳамма жойда "Уйда қолинг!" даъватига амал қилинди. Корхоналардаги ишларга вақтинча тақиқ қўйилди. Мақсад ягона эди - у ҳам бўлса, коронавируснинг одамдан - одамга ўтиб, оммавий кўргуликларга гирифтор этишига йўл қўймаслик эди.

Халқимиз - аҳил халқ, халқимиз - тартиб интизомли халқ, халқимиз - сабр-матонатли халқ эканини тезда исботлади. Яккаланиб жипслашди. "Чеклов-ҳушёрликдир, қўрқоқлик эмас, Вақтинча айролик - тарқоқлик эмас"лигини чуқур англаб етди. Кўчалар ҳувиллади-ю, кўнгиллардан яхши кунларга бўлган умид-ишонч йироқлашмади. Уйда ўтириб курашилди, ҳатто ўқишлар онлайн усулига ўтди, ишлашда ҳам худди шундай имкониятлардан оқилона фойдаланилди.

Президентимиз ўз халқи давлат паноҳида эканини ҳар доим ҳис этиши учун керагича зарур чора-тадбирлар кўриб борди. Натижада каттаю-кичикнинг руҳи тушмади, аксинча Юрт­бошимиз раҳнамолигида оғир вазиятларда ваҳимага берилмасдан коронавирусга қарши астойдил курашди. Яъни қисқа фурсатда карантин қоидаларига мувофиқ яшашга ўрганди. Шунинг учун ҳам Президентимиз ўз вақтида: "Бугун пандемияга қарши курашишда ҳушёрлик ва масъулиятни ўн карра оширадиган янги босқич бошланмоқда, десак тўғри бўлади. Қанчалик қийин бўлмасин, бу босқичда карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз шарт. Ҳар бир ишимизни эҳтиёткорлик билан, оқибатини ўйлаб, нафақат ўзимиз, балки оиламиз ва фарзандларимиз олдидаги масъулиятни чуқур ҳис этиб бажаришимиз керак. Акс ҳолда, барча саъй-ҳаракатларимиз йўққа чиқиши ҳам ҳеч гап эмас. Ишончим комил, анча билим ва тажриба орттирган, бағри кенг ва матонатли халқимиз бу босқичдан ҳам, албатта, муносиб ўтади" деб алоҳида таъкидлаган эдилар. Худди шундай бўлди. Халқимиз ўзининг оқил ва тадбиркор раҳнамоси ишончини амалда тўла оқлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, пандемия шароитида Президентимиз ташаббуси билан бошланган "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати Ўзбекистонимизда меҳр-мурувватли ва хайру эҳсонли олийҳиммат инсонлар кўплигини, оғир пайт­ларда ҳамюртларига кўмакдошу оқибатли эканликларини ёрқин намойиш қилди. Сахий ва қўли очиқ жамоаларнинг, кишиларнинг сафлари тобора кенгайди. Уйда қолганларнинг ҳолларидан бохабарлик муҳити қарор топди. Ёрдамга муҳтожлар маҳталликка ташлаб қўйилмади. Аксинча, тирикчилик учун асқотадиган озиқ-овқат маҳсулотлари хонадонларга тарқатиб турилди.

Бозорлар берклиги алоҳида ҳисобга олинди. Эндиги шароитдан келиб чиқиб, "бозор"лар одамлар олдига "боришига" имконият яратиб берилди. Ҳозир урфга айланаётган тилда зикрласак, сотувчи-таъминотчи тадбиркорларнинг "бозор йўл харитаси" тармоғи муттасил равишда кўпайди. Ҳеч ким ҳеч нарсага зориқмаслиги учун барча мавжуд имкониятлар тўла ишга солинди.

Президентимизнинг видеоселектор йиғилишида: "Бепарволик пандемияга қарши барча ишларимиз натижасини йўққа чиқариши мумкин" деган огоҳномалари ҳар биримизни ҳамиша сергак ва ҳушёр яшашга ундаб турди. Вазиятга қараб иш тутиш жорий этилди. Вилоят, шаҳар ва туманлар "Қизил", "Сариқ" ва "Яшил" ҳудудларга ажратиб берилди. Шу жойлардаги санитария-эпидемиология ҳолатларга қараб, "ранг"лар ўзгартириб борилди. Ҳамма ерда "Яшил"ликка интилиш кучайди. Натижада вирус "депсинишига", "чекинишига" ва хавф бартараф этила борилишига эришилди.

Кучли карантин чекловлари салкам уч ой давом этди. Ке­йин эса ёз ойларидан ижтимоий-иқтисодий ҳаётни йўлга қўйиш учун гигиена тартибларига риоя қилингани ҳолда қатор фаолият турларига нав­батма-навбат рухсат берилди. 2020 йил 15 августдан чекловлар юмшатилди. 17 августдан масжидларда ибодат қилишга, 20 августдан оилавий тантана, тўй, марака ва маросимларни ўтказишга рухсат берилди. Сентябрдан ҳудуддаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, мактабгача таълим ташкилоти, мактаб ва олий таълим муассасаларида таълим жараёнлари қайта йўлга қўйила бошланди.

Бугун барча тиббий ниқобда юрибди. Чунки, ҳали ҳануз атрофимизда, орамизда коронавирус хавфи бутунлай тугаган эмас. Эҳтиёткорлик ва яна бир бор эҳтиёткорлик саломатлигимизни сақлашимизнинг мудом муҳим омили бўлиб қолмоқда.

Янги йил арафасида халқимизнинг халоскорлари ҳисобланган шифокорларимизнинг матонатига яна бир бор тасаннолар айтсак арзийди. Негаки, оғир дамларда ўз ҳаётларини гаровга қўйиб бўлса-да, тождор вирусга қарши астойдил курашишди. Врачу ҳамшираларнинг хизматлари моддий ва маънавий рағбатлантириб борилди. Айниқса, Президентимизнинг 2020 йил 23 июлдаги Фармони билан коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб ва синовли кунларда ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, мавжуд хатарларга қарши курашиш, инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш, юртимизда санитария-эпидемиология осойишталикни таъминлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, ўзининг матонати, билим ва салоҳияти, профессионал маҳоратини намоён этиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, беморлар ҳаётини асраш, уларга юксак эътибор ва ғамҳўрлик кўрсатиш борасидаги алоҳида хизматлари, шунинг­дек, ўз бурчи ва қасамёдига содиқ қолиб, зиммасига юкланган вазифаларни бажариш йўлидаги улкан жасорати ва фидоийлиги учун бир гуруҳ юртдошларимиз фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотландилар. Бугун биз "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими" фахрий унвонига, I, II даражали "Саломатлик" орденларига, "Содиқ хизматлари учун", "Соғлом турмуш", "Шуҳрат" медалларига сазовор бўлган Олимжон Охунов, Файзулложон Дадабоев, Солижон Мўминов, Ёқутхон Охундадаева, Олимжон Норбўтаев, Нилуфар Аҳмедова, Жалолиддин Қосимов, Ёқутхон Икромова, Хулкар Тураджонова, Гавҳархон Обидова, Ҳилола Маткаримова, Санжар Ҳабибуллаев каби фидойи тиббиётчиларнинг номларини яна бир бор фахру ифтихор билан тилга олишга нақадар бурчлимиз. Ахир улар чинакамига замонамиз қаҳрамонлари тимсолига айланишга улгуришди.

Янги - 2021 йил барчамиз учун саломатлик, бахту омад йили бўлсин, азиз ҳамюртлар!

Содиқ САЙҲУН.