Вилоят эндокринология марказида бошланган тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6110- сонли Фармони ижроси доирасида ташкил этилди.
Анжуманнинг очилишида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкатжон Абдураззоқов иштирок этди. Вилоятимиз раҳбари Наманган тиббиётининг ўзига хос ўрни ҳақида гапириб, соҳани ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаркатларга йиғилганлар эътиборини қаратди. Илмий-амалий анжуман тиббиёт ходимлари билими ва касбий маҳоратини юксалтиришда, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатилишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Тадбирнинг назарий қисмини вилоят эндокринология маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов олиб борди. Академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Шуҳратжон Ҳошимов "РИХИАТМда эндовизуал жарроҳликнинг ривожланиши" ва "Морбид семизликни замонавий даволаш усуллари", мазкур марказ юрак хирургияси бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори Аброр Мансуров "Юрак ишемик касаллигини замонавий даволаш усуллари" ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент вилояти филиали директори, тиббиёт фанлари доктори Азиз Эрметов "Ўн икки бармоқли ичак ярасидан қон кетишини жарроҳлик усулида даволаш" мавзусида илмий маърузалар билан чиқдилар. Савол-жавоблар, қизғин мунозаралар чоғида анжуман кун тартибидаги масалалар бўйича батафсил фикрлашиб олинди.
Вилоят эндокринология маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Муҳаммаджон Ваққосов ва Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган вилояти филиали директори, тиббиёт фанлари номзоди Солижон Мўминовлар эндокринология ва кардиология соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар ҳақида маълумотлар беришди.
Шу куни таниқли мутахассислар томонидан беморлар тиббий кўриги ташкилланди. "Доктор-А" клиникасида кечган жараёнда ўт-тош касалликлари асоратлари, қизил ўнгач чурраси, ҳамроҳ юрак қўшма пароги, ўнг буйрак усти бези ўсмаси ва бошқа хасталиклардан азият чекаётган беморлар ҳолати кўздан кечирилди.
- Наманганлик тиббиёт мутахассислари юксак салоҳиятга эга. Бугунги кунда замонавий тиббий технологиялар асосида ишлаш кўникмаси оширилса, улар ҳам тошкентлик ҳамкасблари сингари жарроҳлик амалиётларини юқори даражада удалай олишларига ишонаман,-деди тиббиёт фанлари доктори, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бош врачи Шуҳрат Ҳошимов.
Эртаси куни илмий-амалий анжуман доирасида пойтахт клиникаларида олиб борилаётган қатор мураккаб жарроҳлик амалиётлари вилоятимиз тиббиёт марказларида татбиқ этилди. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят филиали ва бошқа шифохоналарда юқори технологик жарроҳлик амалиётлари олимлар томонидан маҳаллий шифокорларга "маҳорат дарси" сифатида кўрсатиб берилди. Вилоятимиз жарроҳлари жараёнларни онлайн тарзда кузатиб боришди.
Жумладан, Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Шуҳратжон Ҳошимов томонидан бемор буйрак усти бези ўсмасини олиш амалиёти лапороскопик усулда муваффақиятли амалга оширилди.
- Икки кундан бери соҳадаги кўплаб янгиликлардан воқиф бўлдик. Бугун эса таниқли олимлар ўтказган операцияларни кузатиб, лапороскопик амалиёт бўйича тажрибамизни бойитдик. Ўрганганларимизни амалий фаолиятимизда қўллаб, халқимизга малакали тиббий хизмат кўрсатиш ниятидамиз, - деди Поп тумани тез тиббий хизмат бўлими жарроҳи Одилжон Қаюмов.
Абдулла ҒОЗИЕВ.