Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси мажлислар залида тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш, тизимга янги модел ва тиббий суғуртани татбиқ этиш масалаларига бағишланган брифинг ҳамда очиқ мулоқот ўтказилди.

Маълумки, мамлакатимизда соғ­лиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Кейинги тўрт йил ичида тиббиётга оид 180 дан ортиқ Фармон ва қарорлар, ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Жорий йилнинг 6 ноябрь куни муҳтарам Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида тизим ишини тубдан такомиллаштириш билан боғлиқ долзарб вазифалар белгилаб берилди. Шундан кейин Президентимиз тиббиётдаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишга қаратилган битта Фармон ва иккита қарорни имзоладилар.

"Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6110-сонли Фармон, "Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ги ҳамда "Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорлар шулар жумласидандир.

- Айни кунларда соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган барча саъй-ҳаракатлар мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлашга қаратилган. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкатжон Абдураззоқов томонидан тасдиқланган алоҳида Медиа-режада вилоятимизда бу борада амалга оширилаётган ишларни ОАВларда тизимли ёритиш мақсадида матбуот тадбирларини ташкиллаш режалаштирилган, - деди бошқарма Ахборот хизмати раҳбари Абдулла Ғозиев.

Медиа-режа доирасидаги илк брифинг "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасида шифокорлар гуруҳини тузиш тартиби ва амалга оширилаётган ишлар"га бағишланди. Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Улуғбек Ботиров бу йўналишдаги фаолиятни батафсил изоҳлаб берди. "Оила шифокори", "Тиббиёт бригадалари" ва "Тиббий харита" ҳақида тушунтирилди. Вилоят марказида ва Тўрақўрғон туманида аҳолининг саломатлик кўрсаткичларини аниқлаш борасидаги ишларга эътибор қаратилди. Наманган шаҳридаги 2-оила поликлиникаси бош шифокори Зулфия Мамаджонова тиббий хатлов ва антропометрик ўлчов жараёнларининг бориши ҳақида гапирди.

Бирифингдан сўнг навбатдаги тадбир "Очиқ мулоқот " шаклида давом этди. Давлат тиббий суғурта тизимининг жорий этилишига оид чиқишлар қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Улуғбек Ботиров, ВССБ бош мутахассислари Ойбек Абдухалилов ва Дилшод Ҳошимовлар бу ҳақда ахборот беришди.

Мулоқот чоғида журналист ва блогерлар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоблар олишди.

Анжуманда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Алибек Эргашев иштирок этди.