ЁХУД ТИНГЛАШДИ, КУЗАТИШДИ ВА ЎРГАНИШДИ
«Эндокринология, кардиология ва эндовизуал хирургиянинг долзарб муаммолари»га бағишланган илмий-амалий анжуманнинг биринчи кунидаёқ Тошкентдан ташриф буюрган таниқли олим-шифокорлар тажриба - тадқиқот самаралари акс этган маърузалар ўқиш билангина кифояланиб қолмадилар. Дастлабки кўргазмали амалий фаолиятга киришиб кетдилар. Чунончи, академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий - амалий тиббиёт маркази юрак хирургияси бўлимида фаолият юритаётган тиббиёт фанлари докторлари - Аброр Амиржонович Мансуров ҳамда Ҳамидулла Омонуллаевич Абдумажидовлар вилоят кардиология марказида ҳамкасбларига кўмак ва сабоқ бериш мақсадида жарроҳлик амалиёти ўтказишни бошлашди.
Операция ўриндиғига Фарғона вилоятидан нажот истаб келган 62 ёшли И. Алиматов ётқизилган эди. Беморга юрак ишемик касаллиги ва комбинирлашган митрал клапан нуқсони ташхиси қўйилганди. Шунинг учун жарроҳлар олдида нуқсонни муваффақиятли бартараф этишдек ғоят мураккаб операция турарди. Моҳир мутахассислар ўзларининг бор билим ва малакаларига таянган ҳолда мураккаб жараёнга қатъий ишонч билан киришдилар. Босқичма-босқич хирургик усул билан митраль клапанни протезлашди, аорта коронар шунтлашни ҳам тўкис уддалашди. Улар билан наманганлик кардиожарроҳ Абдусалом Хўжамбердиев ёнма-ён турди. Устозлар маҳоратини бирга ишлаб ўзлаштиришга интилди. Энг муҳими, бемор аҳволи яхшиланди. Умри узайишига имконият яратилди, ҳисоб. Буни устозларнинг операция якунидаги мамнун жилмайишларидан пайқадик.
Эртасига эрталаб, яъни 11 декабрда вилоят кардиология марказининг мажлислар залига врачлар тўпланишди. Республикадан келган яна бир меҳмон - Денис Андреевич Чернов "Юрак мураккаб нуқсонлари тож томирлар оккулюзияси (бекилиши) билан бирга кечганда замонавий хирургик даволаш усуллари" мавзусида маҳорат дарси ўтиб берди. Кейин эса яна жарроҳлик амалиётлари давом эттирилди. Бу гал Аброр Мансуров ва Ҳамидулла Абдумажидовлар наманганлик икки беморни юрак қон-томир касаллигидан фориғ этишга енг шимаришди. Бир неча соатлик уринишлардан сўнг кутилган натижага эришилди.
Юрак ишемик касаллиги асорати - юрак чап қоринча аневризмаси ташхиси билан операцияга ётқизилган 41 ёшли Б. Ғайбуллаевда аорта коронал шунтлаш, аневризма пластикаси ва тромбэктомия амалга оширилди.
Юрак ишемик касаллиги асоратидан озор чекаётган яна бир ҳамюртимиз - 65 ёшли Н. Қурбоновнинг ҳам яшашга бўлган умиди қайтадан тикланди. Юрак чап қоринчаси аневризмаси бартараф этилди. Тромбэктомия қилинди.
- Юқоридагидек икки йўлдош касаллик юрак ишемик ҳолати ҳамда митраль клапан нуқсони устида жарроҳлик амалиёти ўтказиш жаҳон тиббиётида ҳам ҳозиргача ўта жиддий иш саналади - дейди вилоят кардиология маркази раҳбари Солижон Мўминов. - Бу авваллари фақат пойтахт шифокорларининггина қўлидан келадиган амалиёт, деб қараларди. Энди эса улуғ устозлар раҳнамолигида ташкилланаётган маҳорат дарсларида қимматли тажрибалар вилоятимиз мутахассислари томонидан зийраклик ва қунт билан ўзлаштириб олинмоқда. Намангандаги навбатдаги илмий-амалий тадбирларнинг беқиёс аҳамияти ҳам худди шунда.
Содиқ САЙҲУН.