Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг Республика илмий-амалий тиббиёт марказлари билан ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Пойтахтлик мутахассисларнинг бу ерга ташрифи наманганлик шифокорларнинг касбий малака ва маҳоратларини оширишга қулай имконият яратяпти. Шу боисдан ҳам Тошкентда уддаланаётган мураккаб жарроҳлик операциялари энди муассасанинг ўзида муваффақиятли бажарилмоқда. Айниқса, бундай имконият беморлару уларнинг яқинларига ортиқча сарф-харажатга ҳожат қолдирмаяпти.

Яқинда бу ерда Республика нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази нейрохирурги, тиббиёт фанлари доктори Жалолиддин Бобоев бошчилигида нозик амалиётлар ўтказилиб, беморлар дардлардан халос қилиндилар. Пойтахтлик малакали мутахассисга бўлим мудири Абдужалил Нурматов, олий ва биринчи тоифали шифокорлар Зафар Абдувоҳидов ҳамда Шаҳноза Турғуновалар ҳамкорлик қилишди. Жонкуяр ва шарафли касб эгаларининг саъй-ҳаракатлари билан ўнга яқин беморларнинг бош мия соҳасидаги деффектлар бартараф этилди.

Халқона тил билан айтганда, танасидаги ўсимталардан қутулиб, соғ­ломлар сафига қўшилаётганидан беҳад мамнун бўлаётганларнинг қувончи чексиз бўлди.

- Шифокорларга мингдан-минг раҳмат, - дейди наманганлик 22 ёшли Довудхон Усмонов. - Жуда азоб бераётган касалликдан халос этишди. Энди ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Юриш-туришимга ҳаловат кирди, бошимдаги оғриқ азобларини унутдим. Нажоткорларимдан бир умрга миннатдорман. Куч-ғайратимни фақат яхши ишларга сарфлайман.

Бундай дил изҳорларини Сарваржон Шомуродов, Абдураҳим Юсупов ва бошқа кўплаб беморлардан ҳам эшитдик.

- Халқимиз саломатлиги ва уларнинг фаровон турмуши учун ҳамиша хизматга шаймиз, - дейди марказ бош врачи Равшанжон Темиров. - Кадрлар салоҳиятини оширишда илмий марказлар билан ҳамкорлик ўзининг самарали натижаларини беряпти. Қолаверса, аҳолининг узоғи яқин, мушкули осон бўлмоқда.

Дарҳақиқат, "Эндокринология, кардиология ва эндовизуал хирургия­нинг долзарб муаммолари"га бағишланган илмий-амалий анжуман доирасида академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Саидмурод Ибрагимович Исмоиловнинг марказга ташрифи айни муддао бўлди. У шароитлар билан яқиндан танишди. Тиббиёт тараққиётидаги янгиликлар борасида врач-мутахассислар билан қизғин суҳбат ўтказди. Марказ фаолияти ривожи ва нуфузини янада ошириш учун керакли маслаҳат ва тавсияларини берди. Хирургия бўлимида даволанаётган беморларни тиббий кўрикдан ўтказди.

Манзура ЭРГАШЕВА.