Наманган тиббиёти заҳматкашлари ҳақида гап кетса, албатта, Ботировлар сулоласининг соҳа ривожига қўшган ва қўшаётган ҳиссаси алоҳида эътироф этилади. Чунки саксон йилдан буён уларнинг эгнида оқ халат. Ўтган асрнинг қирқинчи йилида Шариф Ботиров Тошкент Давлат тиббиёт институти дипломини қўлга олган эди. Ана ўша пайтдан бобо томонидан бошланган элга хизмат издош фарзандларига, невараю - эвараларига ўтди ва айни дамда барқарору бардавомдир. Улар ичида Улуғбек Шуҳратовичнинг ўзига хос камолот йўли бошқалар учун ибратга арзигудай десак асло янглишмаймиз.

Аслида Улуғбек техника тармоғига меҳрли эди. Ҳатто ўқувчилик чоғларидаёқ токарлик касбини тузуккина эгаллаб, мўъжаз корхонада турли деталлар ясаб, меҳнат фаолиятини ҳам бошлаб юборганди. Миктабни битиргач, техника мутахассиси тайёрловчи институтга кириб ўқишни ниятлаганди. Лекин тиббиёт фанлари доктори, профессор Шариф Ботировнинг хоҳишига қарши боролмади. "Шуҳратжон ўғлим, ўзинг шифокор бўлмай, агрономликни танлагандинг, набирам Улуғбек эса, менинг изимдан юрсин, унга ҳам оқ халат ярашади", деб қатъий туриб олган эди-да бобоси. Барибир, бобосининг даъвати ва рағбатидан ўкинмади. Аксинча, жуда хурсанд бўлди.

Андижон Давлат тиббиёт институтида етти йил устозлар сабоғини чуқур ўзлаштириш ҳаракатида бўлган тиришқоқ талаба тиббиёт илминигина эмас, ташаббускорлигу ташкилотчиликни ҳам ўрганди. Бу эса кейинги фаолиятида жуда асқотди. У 1995 йили вилоят травматология шифохонасида интернатурани ўтаган бўлса, келаси йили Наманган шаҳар соғлиқни сақлаш бўлими "камолот"чи ёшларига етакчиликка сайланди. 1997 йили касаба уюшма қўмитаси раислигига лойиқ кўрилди. 1999 йилдан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг тиббий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича бош мутахассиси лавозимига тайинланди. 2005 йилдан бошқарманинг Давлат дастурларини мувофиқлаштирувчи мониторинг гуруҳи раҳбарлигида иш юритди.

Зиммасига юклатилган вазифалар масъулиятини чуқур ҳис этган ҳолда ҳалол ва фаол ишлашни ўзининг яшаш фалсафасига айлантириб олган Улуғбек Шуҳратович раҳбарлик борасида тобора юқорилашга эришаверди. 2008-2009 йилда Наманган шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокори, 2009 - 2010 йилда Наманган вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош шифокорининг умумий масалалар бўйича ўринбосарлиги вазифаларини бажарди.

У 2010 йилдан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг умумий масалалар бўйича ўринбосарлигига тайинланди. Бу лавозимдаги беш йиллик фаолияти даврида айниқса қурилиш ва ободончилик соҳасида кенг кўламли тадбирлар изчил амалга оширилишини таъминлашга ҳамиша бош-қош бўлди.

Раҳбарликда катта тажриба ва етарли салоҳият соҳибига 2015 йили Республика саломатлик ва тиббий статистика институти Наманган филиали директорлиги вазифаси топширилди. У бу ердаги кичик жамоа фаолиятини вилоятда турли касалликларнинг олдини олишу, соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтиришга тўла йўналтирди. Жамоа аҳоли саломатлигини сақлашга салмоқли ҳисса қўшишини изчил таъминлашга астойдил интилди.

2017 йили вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасига муносиб топилди. Шуни мамнуният билан таъкидлаш мумкинки, унинг раҳбарлиги ва ташкилотчилигида вилоятда Президентимизнинг аҳолига тиббий хизматни тобора такомиллаштириш тўғрисида қабул қилган қатор-қатор қарору фармонлари муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бу ҳақда матбуот саҳифаларида кўплаб хабарлар ёритилмоқда. Телевидение ва радиода эшиттиришлар берилмоқда. Айни дамда Улуғбек Шуҳратовичга ёзилган тавсияномадан айрим ўринларини келтириб ўтишимиз мақсадга мувофиқдир. Умумий меҳнат стажига 36 йил, соғлиқни сақлаш тизимидаги фаолиятига 25 йил тўлган бу инсон: "Меҳнатсевар, камтарин, вазифасига ўта масъулият билан ёндошувчи, ўзига ва ўзгаларга нисбатан талабчан, эл-юрт манфаати йўлида бор билими, малака ҳамда маҳоратини ҳеч аямай сарфлайдиган фидойи раҳбар. Доимо мутахассислар билан бамаслаҳат иш юритади. Юзага келадиган муаммоларни қисқа муддатда, адолат принципларига таянган ҳолда ижобий ҳал этишнинг ҳадисини олган. Меъёрий ҳужжатлар билан ишлашда ҳам етарли тажрибага эга. Тиббиётчилар олдига қўйилган барча вазифаларни бажаришга мутахассисларни қандай жалб этишни яхши билади...".

Демак, у замонавий раҳбарга қў­йилган талаб мезонларига тўла жавоб бера олиш лаёқатини йиллар давомида ўзида шакллантириб, фаолиятига ўзлаштириб юборганига ҳеч шак - шубҳа йўқ. Шу боис, кўп йиллик хизматлари юксак баҳоланиб, муносиб тақдирланди.

2020 йил Улуғбек Ботиров учун ҳам ғоят мураккаб синов йили бўлиб қолмоқда. Ахир бутун дунё шифокорларини шошириб қўйган, одамлар ҳаётига тинимсиз хавф солиб турган коронавирусга қарши қатъий кураш олиб бориш бизнинг вилоятимизда ҳам сира-сира осон кечмади. Бироқ наманганлик врачлару ўрта тиббиёт ходимлари асло бўш келишмади. Улуғбек Ботиров ва унинг атрофидаги жонкуяр мутахассис - раҳбарлар бетиним, кеча-кундуз ҳормай-толмай ишладилар ва ҳозир ҳам шундай. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги соҳа фидойилари хизматини ҳамиша қадрлаб келган. Жумладан, Конс­титуция байрами арафасида Улуғбек Ботировнинг кўксини "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" нишони безади.

Моҳир раҳбар намунали оила раҳнамоси ҳамдир. Умр йўлдоши - илғор педагог ва мактаб директори Наргиза Аҳмедова билан уч фарзандни тарбиялаб, вояга етказишган. Ойдина Наманган муҳандислик-қурилиш институтини тамомлаган, Олима Санкт-Петербургдаги Герцен университетининг 3-босқич талабаси. Одилбек эса менежментликни танлаб, институтда тахсил олишни бошлади.

Эллик ёшида тиббиёт соҳаси аълочисидек юксак кўкрак нишонига эришган, элда юқори обрў-эътибор топган Улуғбек Ботиров Абобакир ва Муҳаммаджондек набираларнинг бобоси мартабасига ҳам мушаррафдир. Бундан буён ҳам Ботировлар ҳамиша халқ хизматига ҳозиру нозирлиги билан ўз сулоласи шарафини доимо баланд тутишлари шубҳасиз.

Содиқ САЙҲУН.