У туғилгандан буён юрак нуқсонидан озор чекарди. Аорта коарктацияси, яъни катта томирнинг қисилиши туфайли ўзини ёмон ҳис қиларди. Уч йилдан буён тумандаги мутахассислар муолажалари ёрдамида аҳволи бир мунча яхшиланарди-ю, яна боягидай қон босимининг ҳаддан зиёд баландлиги бошига оғриқ уйғотарди. Йилдан-йилга баттарроқ хуружларга дучорланарди. Ҳаётига хавф кучаярди. Бирдан бир сўнгги чора операция эканлигини шифокорлар қайта-қайта уқтиришарди. Ниҳоят ота-онаси фарзандига нажот истаб вилоят кардиология марказига етаклашди.
Бемор Муҳайё Дўстбоева врач Ахмаджон Очилов қабулига киргач танометр билакка танғилганида қон босими 180/90 ни кўрсатди, оёққа ўтказилганида эса деярли йўқ. Бу, туғма нуқсоннинг оқибати эди. Аорта томирдан пастга юролмаган қон димланиб юқорида - мияда, қўлда босимни ҳаддан ошириб юборган. Пастда - оёқларда бунинг акси, ҳатто босим сезилмайди. Бемор миясига қон қуюлиш арафасига етган. Агар шошилинч ҳаракат қилинмаса, кечикиш мумкинлигини инкор этиб бўлмасди. Юрак порокининг "қаритиб" юборилгани кўнгилсиз асоратларни келтириб чиқариши яққол кўриниб турарди.
Кичик болаларникини бемалол бартараф қилишаётган наманганлик кардиохирурглар катталарники анча мураккаб эканлигидан ҳалигача ўзлари уддалашни зиммага олишолмаганди. Очиғи, юрак туғма нуқсони бор катта ёшдаги беморларни операция учун доимо Тошкентга йўллашарди. Бу гал...
Марказ бош врачи, тиббиёт фанлари номзоди Нуриддин Баҳриддинов пойтахтдаги устозлар билан телефонда боғланиб, янгиликни вилоятда жорий этиш ниятида эканликларини яшириб ўтирмади. Кўмак сўради. "Маҳорат дарслари"ни Наманганда ўтказишга, айнан катта ёшдаги беморни биргаликда операция қилишга рози бўлишди улар. Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази юрак туғма пороклари бўлими раҳбари, профессор Ҳакимжон Абролов касбдошлари билан ёрдамга етиб келишди. Бу ердаги тиббиёт жиҳозлари ҳам пойтахтдагидек энг замонавий, энг такомиллашган, энг ноёб ҳисобланади. Жаҳондаги кардиожарроҳларникидан ҳеч қолишмайди. Шундай шароитда мутахассисларнинг малакасиям юқори бўлиши керак-да. Бунинг учун аллақачоноқ астойдил ва тинимсиз ўқиб-ўрганиш, изланиш, интилиш, малакани тобора мукаммаллаштириш шарт деган хулоса ясалган марказ жамоасида.
Ана, бемор операция хонасига ўтказилди. Сунъий нафас бериш ва наркоз аппарати ишга солинди. "Инвазив кардиомонитор" беморга уланди. Оқ халатли ва қалпоқли нажоткорлар юпқа қўлқопни кийишиб, оғизғилофни тутишиб, ҳаёти хавфга тўла инсонни соғлом одамлар қаторига қўшиш учун "жанг"га енг шимаришган. Бемор наркоз таъсирида беҳушлантирилди. Профессор Ҳакимжон Абролов ва марказ бош врачи Нуриддин Баҳриддинов ёнма-ён, пойтахтдан ташриф буюрган ассистент Умид Муродов, анестезиолог Аҳмад Галяуддинов ҳам, сабоқ олиш иштиёқидаги наманганлик жарроҳлар Аҳмаджон Очилов, Носиржон Ғаниев, анестезиолог Носиржон Худойбердиев ва Ғафуржон Эгамовларгача шу ерда. Беморнинг ҳаёт-мамотини ҳал қилиш масъулияти халоскорларни ҳар дақиқа, ҳар он ҳушёрлантириб турибди. Профессор қўлига скалпелни олди. Беморнинг кўкрагига тиғ юргизиб, юраги устини очди. Ана, аорта томири, унинг туғма сиқилган жойи аниқ кўзга ташланди. Қон ўтиб-ўтмай келаётгани яна бир бор тасдиқланди. Аорта атрофини майда коллатерал томирлар эгаллаган. Уларнинг бир учи қон юраётган томонда бўлса, бир учи сиқилган жойи устидан ўтиб, пастигача бориб, яна аортага уланиб кетган. Демак, аллоҳнинг инояти билан шу майда томирлар орқали қиз яшаш нажотини топган. Гарчи оёқ қисми мажолсиз, ривождан орқада қолганига қарамай. Шундан қон босими ҳам йўқ эди-да.
Аортада қон пастга юролмай, димланиши тобора юракка зўриқиш бераверган. Юрак бўшлиғи кенгайган, клапанлари зарарланган, яхши ёпилмайдиган ҳолатга тушган. Бош мияда қон босими жуда юқорилаган. Мабода яна кечикилганида, инсульт - мияга қон қуйилиши рўй бериши мумкин эди. Жарроҳлар қулай имкониятдан самарали ва сифатли фойдаланишлари учун сира эринишмади. Майда томирларни секин-секин, беҳад эҳтиёткорлик билан аорта устидан ажратиб, учларини беркита боришди. Бу жараёнда электрокоагулятор қўл келди. Аниқроғи, кесилган тўқималар куйдирилиб қони тўхтатилиб, бирма-бир хавф чекинтирила борди. Қон томирнинг қисилган жойининг устки томони кесилиб, кенгайтириш ва сиқилган томирнинг икки томонидаги қисмига тенглаштирилган ҳолда йўғон ҳолатга келтириш учун синтетик қон томирдан 4х3 сантиметрли ямоқ тикилди. Сўнг қоннинг ўз ўзанига туширилди. Пастга бемалол оқишига йўл очилди. Ниҳоят беморнинг юрак уриши, қон босими деярли кутилган ҳолатга кела бошлади. Электрокардиограмма мониторида туғма нуқсон бартараф этилганлигига кафолат берувчи чизиқлар кўринди.
Пойтахтлик устозу, наманганлик шогирдлар мамнун кайфиятда тажриба ўргатиш ва тажриба ўрганиш амалиёти муваффақиятли якунлангани билан бир-бирларини секингина қутлашди.
Бемор реанимация хонасига ўтказилди. Бир суткадан сўнг палатасига чиқазилди. Биз уни уринтирмаслик учун қисқа саволга тутдик.
- Аҳволингиз қандай?
- Жуда яхши, ҳаммаларига мингдан минг раҳмат! - деди ҳаётга тўлақонли қайтган, бошқалардек яшаш завқини туюш имкониятига эга бўлган йигирма етти ёшли Муҳайё Дўстбоева.
Поплик Рустамжон Дўстбоевлар оиласининг кенжаси узоқ йиллик туғма юрак нуқсонидан фориғ бўлгани вилоят кардиология маркази ҳаётида яна бир унутилмас воқеа сифатида алоҳида эътирофга лойиқ. Демак, бундан буён катта ёшдаги юрак туғма нуқсонидан озор чекиб келаётган қанчадан-қанча инсонлар узоқлардан нажот исташларига ҳожат қолмади, десак ҳам хато эмас. Ахир профессор Ҳакимжон Абролов марказдаги барча кардиожарроҳларга маҳорат дарси амалиётини аъло даражада ўтказиб берди. Шогирдлар эса бир кўрганини уқиб оладиган, амалда маромига етказиб уддалашга лаёқатли мутахассислар эканлигини яхши биламиз.
Содиқ САЙҲУН.