- дейди суҳбатдошимиз - Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси координатори

Нажмиддин САЙФИДДИНОВ.

Аҳоли саломатлигини сақлашга қаратилган тиббий ислоҳотлар халқимизни тобора хурсанд қилаётир. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Бирламчи  тиббий-санитария ёрдами  муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни  сақлаш тизимида  олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони бу борада муҳим аҳамият касб этяпти. Қуйидаги  суҳбатимиз  мазкур Фармон ва унинг  дастлабки ижроси ҳақида бўлди.

- Нажмиддин ака, Янги Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган ўзгаришлар тиббиёт соҳасида  янада яққолроқ кўзга ташланиб, халқимизни ғоят  мамнун қилаётгани, эътирозлар камайиб, эътирофлар  кўпаяётгани ҳаётий ҳақиқатга айланмоқда. 2020 йил 12 ноябрдаги  Фармондан сўнг ўтган бир ой ичида кенг қамровли тиббий тадбирларга жадал киришиб  кетилганидан ҳам катта мақсад сари  дадил қадамлар қўйилаётганини сезиш қийин эмас. Чунки, бирламчи тизимга муносабат тубдан ўзгартириб юборилди. Аввало, Фармонга мувофиқ ташкилланаётган кечиктириб бўлмас тадбирлардан кўзланган мақсадлар ҳақида фикрлашсак?

- Бирламчи тизим ўз номига яраша биринчи даражали эътибор талаб қилади, албатта. Фармонда: "Аҳолига  бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг сифати, самарадорлиги ва  оммабоплигини ошириш, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш,  соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш" мақсадидаги  вазифалар  белгилаб қўйилган. Бу муҳим ҳужжат ижросини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг "Бирламчи тиббий - санитария ёрдами муассасалари фаолияти ҳамда  аҳолига  кўрсатилаётган патронаж хизматини тубдан  яхшилаш тўғрисида"ги 309-сонли буйруғи қабул қилинди. Унда Президент Фармонида белгиланган вазифаларни тўлиқ ва изчил бажариш, хонадонларни хатловдан ўтказиш, хонадонларда антропомет­рия­ни амалга ошириш, профилактик кўриклар ўрнига ҳудуднинг ўзига хос хусусият­лари ва аҳолининг гуруҳларга мансублигидан келиб чиқиб, муайян  касалликлар бўйича даврий скрининг  текширувлари, такомиллаштирилган тиббий профилактика ва патронаж хизмати, мавжуд  патронаж  кўрикларини мақбуллаштириб, янгиланган мақсадли  патронаж тизимини жорий қилиш вазифалари белгилаб берилди. 1 декабрдан аҳолини тиббий хатловдан ўтказиш бошлаб юборилди.

- Тиббий хатловнинг ўзи нима? Бу жараёнга  қандай талаблар қўйилган?

- Хатлов дегани бу - барча оилаларда истиқомат қилувчиларнинг рўйхатини бирма-бир олишдир. Тиббий хатлов ва  антропометриядан ўтказишда рақамлар  аниқлигини тўла таъминлашимиз шарт. Хатлов пайтида  хонадон эгаларидан бирортаси уйда бўлмаган тақдирда бошқаларнинг сўзига асосланиб, тахминий рақамлар ёзиб қўйишга асло  йўл қўйилмаслиги  зарур. Демак, бизлар, ниҳоятта муҳим  юмушга  сафарбар  қилинганмиз. Мазкур масала вилоят  соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарларининг доимий  назоратида. Шу соҳа бўйича бош  мутахассис  Ойбек Турдиматовдан керакли йўл-йўриқ  ва маслаҳатлар олиб турибмиз.

- Хабаримиз бор, хатлов жараёнини тезлаштириш, сифатли ва самарали  якунлаш учун  вилоят даволаш-профилактика  муассасаларидан қўшимча тиббий ходимлар кўмакка келишяпти. Уларнинг беминнат ёрдамлари  натижасида кундан-кунга  хатлов кўрсаткичлари юқориламоқда. Қайси  жамоаларнинг мадади туман штабида алоҳида эътироф этилмоқда?

- Туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси, 26, 27, 28, 29, 30-оилавий  поликлиникалар, Ибрат, Янгиобод, Шоҳидон, Хўжанд, Гулқишлоқ, Соҳилобод ва Олчин  қишлоқ врачлик пунктлари ҳудудларида хатлов олиб борилмоқда. Декабрнинг дастлабки ўн кунлигида мавжуд 41.948 та хонадоннинг 24.774 тасига кириб чиқилди. 227.184 нафар аҳолининг 88.724 нафари хатловга олинди. Бу хонадонларга  нисбатан 59,1 фоизни, аҳолига  нисбатан 39,1  фоизни ташкил қилади. Ойнинг иккинчи ўн  кунлигида  ҳаракатлар янада жадаллаштирилмоқда.

Ҳозирда туманимиздаги 265 нафар патронаж ҳамшира, 74 нафар врачлар, вилоят даволаш - профилактика муассасаларидан 134 нафар тиббиёт ходимлари  хатловга сафарбар этилишган.  Очиғини айтганда,  даставвал  56 та бригада ташкилланган эди, кейин 112 тага етказилди. Мақсадимиз кўзда тутилган ишларни тезроқ ва мукаммал  ҳолатда ниҳоясига етказишдан иборатдир.

- Вилоятдан келиб, тўрақўрғонлик ҳамкасблари билан ёнма-ён  ишлаётганларнинг  ёрдамларидан кўнгилларингиз тўляптими?

- Албатта. Ахир улар  жуда фаоллик кўрсатишяпти. Тагларида  автомашина, қўлларида тарози, пульсоксиметр, танометр, сантиметр лентаси. Ҳар бир шахснинг вазнини, бўйини, бел, кўкрак айланасини, артериал босими, пульси, сатурацияси билан боғлиқ ҳолатларни  эътибордан четда қолдиришмаяпти. Алоҳида журналга  қайд қилиб, боришяпти. Шакллантирилган хонадонлар "тиббий карта"си электрон базага киритилади. Ҳозирда Равшаной  Низомова мудирлигидаги Ибрат қишлоқ врачлик пункти ҳудудида вилоят онкология диспансерининг 3 нафар врачи ва 20 нафар ўрта тиббиёт ходими иш олиб бормоқда. Мавлуда Муродова мудирлигидаги  Шоҳидон  қишлоқ врачлик пункти ҳудудида вилоят Саломатлик маркази   вакиллари хатловда  қатнашишяпти. Гулқишлоқ   ҚВП ҳудудида вилоят тери - таносил диспансеридан  келган қўшимча бригада ёрдамлашмоқда. Саноқли кунларда  бу тадбирни муваффақиятли  якунига етказиш имконияти яратиб қўйилган.

- Кейинги босқичда нималар режалаштирилган?

- Хатловдан сўнг мақсадли скрининг  текширувларига  навбат келади. Аҳоли тўрт гуруҳга, яъни соғлом - таянч гуруҳи, паст хавф гуруҳи, ўрта хавф гуруҳи, юқори хавф гуруҳига ажратиб олинади. Бунинг фойдаси шуки, касаллик  ҳолатлари  эрта аниқланиб, зарур  чора-тадбирларга ўз вақтида киришилади.

Президентимизнинг 6110-сонли мазкур Фармони ижросининг  изчиллиги таъминланса, халқимиз саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашда чинакамига  янги қадамлар ташланади. Чунки, бирламчи  тиббий-санитария  ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмлар жорий қилинмоқда. Булар ўзининг катта самарасини беришига ишончимиз комил.

Суҳбатдош Содиқ САЙҲУН.