Вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҳамда "Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорлари ижроси изчил таъминланмоқда. Олиб борилаётган тадбирларнинг давомийлигига эришилмоқда.
Наманган туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 12-оила поликлиникасида тиббий кўрик уюштирилди. Унда туман марказий поликлиникаси ҳамда марказий шифохонасининг тор доирадаги мутахассислари қатнашдилар. Улар эрта тонгдан тиббий анжомлари билан Ғалча қишлоғига етиб келдилар. "Қўшчинор", "Наврўз", "Саховат", "Намуна", Қўқонқишлоқ", "Равнақ" маҳалла фуқаролари йиғинларида яшовчи аҳоли вакиллари саломатлигини текширишиб, керакли маслаҳат ва тавсияларни бердилар.
Касаллик белгилари аниқланганларга туман шифохонасида даволанишга тавсия этилди. Биохимик лаборатория таҳлиллари, УЗИ, ЭКГ аппаратларининг шу ернинг ўзига келтирилганлиги соғлигидан шикояти бор фуқаролар учун қулай имкониятларни туғдирди. Айниқса, туғиш ёшидаги ҳамда 40 ёшдан ошган аёллар учун малакали акушер - гинеколог кўриги айни муддао бўлди.
- Қишнинг совуқ кунларида шифокорларни қишлоғимизга келганидан хурсанд бўлдик, оилавий тиббий текширувдан ўтдик, - дейди Озода Бегалиева.
- Шу ернинг ўзида вазнимиздан тортиб, сатурациямизгача ўлчашди. УЗИ апаратида буйрагимда бироз яллиғланиш борлиги аниқланди, шифокор керакли муолажаларни тайинлади, - дейди Лобар Турсунова.
- 2 гуруҳ ногиронлигим бор, саломатлигимдан бироз ташвишда эдим, - дейди Содиқжон Тиллаев. - Худога шукр, аппаратларга тушдик, таҳлиллар топширдик, мутахассисларнинг кўригидан ўтиб хотиржам бўлдик.
- Мазкур оила поликлиникаси худудидаги маҳаллалар "Соғлом ҳаёт учун" Республика дастурига танлаб олинган, - дея таъкидлади Наманган туман аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази раҳбари Саломатхон Арзиматова. - Бу ерда оила шифокори ва патронаж ҳамширалари томонидан эмлаш, скрининг ва тиббий кўриклар ой давомида ўтказиб борилади. Шунингдек, тўғри овқатланиш, спорт, бадантарбия машғулотларининг аҳамияти, шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, зарарли одатлардан воз кечиш, ортиқча вазн ва семизликни бартараф этиш бўйича тушунтириш ва тарғибот ишлари ҳам мунтазамлик касб этган. Айниқса, сурункали касаллиги бор шахслар билан якка тартибда шуғулланиб яхши кўрсаткичларга эришяпмиз.
Халқимиз саломатлигини сақлаш ва уларни тиббий хизматдан рози яшашлари учун мунтазам ўтказилаётган бундай соғломлаштириш тадбирлари ўзининг самарали натижаларини беради, албатта.
Манзура ЭРГАШЕВА.