Аввал хабар берганимиздек, вилоятимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир.
Жумладан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини такомиллаштириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва ҳар бир оила аъзоларини тиббий хатлов ҳамда антропометриядан ўтказиш тадбирлари қизғин боряпти.
Бунда асосан антропометрия, яъни тана вазни, бўй, бел айланаси, болалар учун бош ва кўкрак айланаси, артериал қон босими, пульс, сатурация ўлчови олиниб, натижалари бўйича барча маълумотлар тегишли жадвалга мувофиқ электрон базага киритилади. Маълумотлар эса махсус электрон дастур асосида умумлаштирилади. Унга асосланган ҳолда хонадоннинг электрон "Тиббий картаси", маҳалла ва туманнинг "Саломатлик профили" шакллантирилади.
Наманган шаҳридаги 8-оила поликлиникасида ҳам ҳудудда яшовчи 71 минг нафардан ортиқ аҳолини тиббий хатлов ва антропометриядан ўтказиш жараёнлари давом этмоқда.
- Мазкур тадбирлар бизнинг худудимизда ҳам тегишли йўриқномаларга мувофиқ ўтказиляпти, - дейди поликлиника бош врачи Наргиза Турсунова. - 23 та тиббий бригада ташкил қилдик. Улар хатлов учун зарур ускуналар билан таъминланди. Жумладан, ўлчов тасмаси, махсус тарози, пульсоксиметр, тонометр ва фонендоскопгача муҳайё. Ҳозиргача 20 минг нафарга яқин аҳоли тиббий хатловга олинди. Бизга вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят руҳий-асаб касалликлари шифохонаси ходимлари ҳам ёрдамга келишган.
Бинобарин, саломатлик посбонлари маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча, уйма-уй юришиб, ҳар бир фуқаронинг тиббий хатловини аниқ рақамлар асосида ташкиллашга киришишган.
Биз ҳам тиббий бригада билан поликлиника ҳудудидаги 76-хонадонда бўлиб, жараёнларни кузатдик.
- Шундай яхши кунларга етказганига шукр, - дейди меҳнат фахрийси Зояхон Алимбоева. - Қарангга, врачу ҳамшираларнинг ўзлари уйимизга келишса-я, вазнимиздан тортиб, сатурациямизгача ўлчашди. Барчамизни бирма-бир эринмасдан тиббий кўрикдан ўтказиб, керакли маслаҳатларини беришди. Айниқса, соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик тўғрисидаги тавсияларидан беҳад мамнун бўлдик.
Манзура ЭРГАШЕВА.