Мингбулоқ туманининг Жомашўй шаҳарчасида жойлашган 2-вилоят сил касалликлари шифохонаси аҳил жамоаси беморларни даволашда яхши натижаларга эришмоқда. Чунки бу ерда моҳир мутахассислар муолажалар олиб боришади. Яқинда муассаса бош врачи вазифасини вақтинча бажарувчи Собиржон Шоматов билан мулоқот қилдик. Саволларимизга унинг жавоблари сизларни ҳам бефарқ қолдирмайди, албатта.
- Сил қандай касаллик?
- Сил юқумли ҳасталик ҳисобланади. Бундан 138 йил муқаддам, яъни 1882 йили германиялик олим Роберт Кох томонидан аниқланган. Касалликнинг номи лотинча "дўмбоқча" сўзидан олинган. Эски номи дўмбоқчали физтизио. Грекча бу сўз қуриш деган маънони англатади. Уни туберкулёз дейишга одатланганмиз.
- Маълумки, баҳорда сурункали касалликлар авжланади. Кузда эса ўпка силига мубтало бўлганлар қийналишади. Бу касаллик кимларда қандай рўй беради?
- Саволингизга тиббиёт илмининг султони Абу Али ибн Синодан жавоб топамиз: "Нафас аъзолари касалликлари келиб чиқиши йил фаслларининг ўзгаришига боғлиқ. Қишда одамлар кўпроқ тумов билан касалланадилар. Сил куз ҳавосининг қиш ҳавосига ўтишидан бошланади".
Аввало ҳавонинг тозалигига аҳамият бериши керак. Мавсумга қараб кийиниш муҳим. Тўғри овқатланиш лозим. Жисмоний ҳаракатни, бадантарбияни канда қилмаслик соғликни мустаҳкамлайди. Касалликка аёллардан кўра кўпроқ эркаклар чалиниши мумкин. Айниқса, 19-29 ёшдагиларда кўпроқ учрайди.
- Унинг аломатлари қандай юзаланади?
- Уч ҳафтадан кўпроқ йўтал, қон аралаш балғам туфлаш, вақти-вақти билан истима чиқиши, умумий ҳолсизлик, иштаҳанинг бўғилиши аломатлари сезилса бепарво бўлмаслик керак. Зудликда шифокорга мурожаат қилиш муҳим. "Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал" дейишади. Бир йилда бир тиббий кўрикдан ўтиб туриш касалликдан сақланишнинг энг мақбул йўлидир.
- Муассасангиздаги мутахассис врач ва ҳамширалар ҳақида нималар дея оласиз?
- Олий тоифали врачлардан Икромжон Кўчманов,Содиқжон Асадов, Баҳромжон Кўчманов, Гулҳаё Райимжонова, Садоқат Эргашева, амалиёт фельдшери Муҳаммад Ўсаров кабиларнинг хизматларидан ҳамиша беморлар хурсанд. Улар зиммаларидаги вазифаларини доимо виждонан бажариб келишмоқда..
- Яратилган шароитлар қандай?
- Ҳозирда шифохонамизни мукаммал таъмирлашга ҳаракат бошланди. Яқин орада тиббиётчиларга ҳам, даволанувчиларга ҳам катта қулайликлар яратилади.
Кейинги йилларда шифохона ҳовлисига юздан ортиқ игна баргли дарахт кўчатлари ўтқазилди. Гулхоналарга анвойи гуллар экилди. Бўш ётган, аниқроғи аввал чиқиндихона бўлган 16 сотих ер ўзлаштирилиб, 40 туп гилос ўстириляпти. Ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишлари давомли.
Демак, бу ерда ётганлар хоналарда сифатли муолажалар олсалар, ҳовлида баҳри диллари очиляпти. Натижада тезроқ соғайиб оилалари бағрига қайтишяпти. Зеро, сил давосиз эмас. Фақат ўз вақтида дардни чекинтириш керак. Фтизиатр врачларнинг юқори малакали тиббий тавсиялари, маслаҳатлари, ҳамшираларнинг беморлар дори-дармонларини ўз вақтида олишлари учун елиб-югуриб хизмат қилишлари бу борада юқори самара бериши шубҳасиз.
Суҳбатдош Маҳмуджон АБДУСАЛОМОВ.