Вилоятимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Яқинда вилоят тери-таносил касалликлари шифохонасида ўтказилган тиббий кўрикда туғма буллёз эпидермолиз хасталиги билан касалланган беморлар қувончи чексиз бўлди. Чунки улар Республика дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази профессори Акрам Баратович Раҳматовнинг тиббий кўригидан ўтдилар. Керакли маслаҳату тавсияларини олдилар.
- Вилоятингизда шундай хасталикка чалинганлар оз эмас, - дейди профессор А. Раҳматов. - Бундай беморлар ҳамиша эътибор ва ғамхўрликдан баҳрамандлар. Уларнинг дори-дармонлари ва боғлов материаллари Европа мамлакатларидан валюта ҳисобига келтирилади ва бепул тарқатилади. Бизнинг маҳорат дарслари ва тиббий кўрикларни уюштиришдан мақсадимиз чекка-чекка ҳудудларда фаолият юритаётган мутахассисларимизнинг ҳам малакасини ошириш ва ушбу касалликларни эрта босқичларида аниқлаш ҳамда самарали даволашга эришишдир.
Тадбирнинг аҳамиятли томони шунда бўлдики, нафақат беморлар, балки шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларида фаолият юритаётган дерматовенеролог мутахассисларининг ҳам тиббий билимлари мустаҳкамланди. Улар икки кун давом этган "Дерматология - амалиёт мактаби" деб номланган "Маҳорат дарслари"да қатнашдилар. Профессорнинг маърузаларини мароқ билан тинглашди. Аллергодерматозлар ва псориоз касалликларини замонавий даволаш усуллари ҳақидаги энг янги маълумотлардан ҳам хабардор бўлдилар.
Манзура ЭРГАШЕВА.