Вилоят  соғлиқни сақлаш бошқармаси аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими томонидан фаол иш олиб борилмоқда. Соғлом турмуш тарзини шакллантиришга эътибор кундан-кунга кучайтирилмоқда. Коронавирус  касаллиги юқишида хавф гуруҳига мансуб бўлган аҳоли вакиллари саломатлиги изчил назоратга олинган. Улар орасида профилактик тадбирларни жонлантириш мақсадида маҳаллаларда катта ёшдагиларнинг чуқурлаштирилган тиббий кўриклари уюштирилмоқда.

Мингбулоқ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 20 мингдан зиёд аҳолига хизмат қиладиган 8-оила поликлиникасида ана шундай тиббий тадбир ташкилланди. Туман марказий поликлиникасининг тор доирадаги мутахассислари халқ хизматда  бўлишди.  Нев­ропотолог, окулист, лор, эндокринолог, уролог, терапевт ва бошқа малакали мутахассисларнинг кўриклари барча учун айни муддао бўлди.

- Куни-кеча қон ва сийдик таҳлилларини топширган эдим, - дейди 65 ёшли Гулзирахон Муродова. - Уларда салбий ўзгаришлар аниқлангани сабаб туман марказига уролог кўриги учун боришим керак эди.  Патронаж  қизимиз мутахассис ўзимизнинг қишлоққа келишини айтганида жуда-жуда хурсанд бўлдим. Ҳозир уролог ўғлим Жамшидбек таҳлилларни кўрди, обдон текшириб, керакли дори-дармонларни тавсия қилди.

Тадбир давомида ВССБ аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими бошлиғи Дилмурод Қодиров  ноинфекцион касалликларнинг олдини олишда соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликнинг ўрни ҳақида йиғилганларга  зарур тушунчаларни берди.

Манзура ЭРГАШЕВА.