Уйчи тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли "Ёркатай" қишлоқ врачлик пункти ҳар доимгидан кўра одамлар билан гавжум бўлди. Гарчанд ҳарорат бироз совиган, биринчи қор кўнгилларга ажиб суруру тароват бахш этиб, она заминга оппоқ поёндозини тўшаган бўлсада, мусаффо осмон, тоза ҳаво, жисмоний ҳаракат уйғунлиги саломатликлари учун нақадар фойдали эканлигини англаган исломободлик 40 ёшдан ошганлар ва кексалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикка ошиқдилар. Улар туман марказидан келган малакали мутахассисларнинг қабулида бўлишиб, маслаҳат ва тавсияларини олдилар.

Биохимик лаборатория таҳлиллари, УЗИ, ЭКГ аппаратларига тушишиб, таналаридаги ўзгаришлардан воқиф бўлдилар. Туман кўп тармоқли марказий поликлиникасининг мутахассислари окулист, лор, эндокринолог, невропотологларнинг кўруви аҳоли учун янада қулайлик туғдирди.

- Вилоятимизда 12 та маҳалла фуқаролар йиғини "Соғлом ҳаёт учун" дастурига танлаб олинган. Исломобод МФЙ ҳам шулар жумласидандир. - дейди ВССБ аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими бош мутахассиси Дилором Маматхонова. - Оила шифокори ва патронаж ҳамширалари томонидан эмлаш, скрининг ва тиббий кўриклар ўтказилади. Аҳолининг барча қатламлари орасида спорт билан шуғулланишлари учун бадантарбия машғулотларини аҳамияти, шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш, тўғри овқатланиш, зарарли одатлардан воз кечиш, ортиқча вазн ва семизликни бартараф этиш, умуман олганда тиббий маданиятни юксалтириш борасида бир ой давомида мунтазам профилактик тадбирлар уюштирилади. Юқумсиз ва сурункали хасталиги бор шахслар билан якка тартибда ишланади. Биз мазкур маҳалланинг самарадорлик натижалари асосида 2021 йилдан бошқа маҳаллаларда ҳам ушбу Дастурни оммалаштиришни режалаштирганмиз.

Демак, "Янгиобод", Амир Темур, "Давр", "Сокин", "Мизробод" кўчаларида истиқомат қилувчиларнинг саломатлигига янада эътибор кучайтирилган. Дастур доирасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шунинг учун ҳам "Ёркатай" ҚВПда беминнат хизмат қилаётган 5 нафар олий тоифали шифокор, 25 нафар ҳамшира ва 16 нафар патронаж ҳамширалар фаолиятидан аҳоли беҳад мамнунлик туймоқда.

Манзура ЭРГАШЕВА.