Туман тиббиёт бирлашмаси бинолари 1970-1980 йиллар оралиғида босқичма-босқич қурилган. Ўшандан бери мукаммал реконструкция қилинмаган.
Ҳозирда 4 миллиард сўм маблағ ажратилиб, бир неча бўлимлар таъмирланмоқда, 30 ўринли жарроҳлик бўлими янгитдан қуриляпти. Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи бу ишларни тез фурсатларда ва сифатли якунлаш юзасидан кўрсатма берди.
Шундан сўнг Шавкатжон Абдураззақов палаталарни айланди ва беморлар ҳолидан хабар олди. Уларнинг дори-дармон таъминоти билан қизиқди.
Вилоят раҳбари бўлимлардаги иссиқлик ҳароратини кўздан кечирди. Яқинларини кўргани келган аҳоли билан мулоқотда бўлди.
- Соғлиқни сақлаш тизими Президентимиз энг кўп эътибор қаратаётган соҳа. Жойлардаги раҳбарлар, мутасаддилар буни асло унутмаслиги керак. Касалхоналар ҳолатидан доимо хабардор бўлиш, беморларни йўқлаш кундалик ишимизга айланиши зарур, - деди Шавкатжон Абдураззақов.