Мамлакатимиз тиббиётида кечаётган ислоҳотлардан мақсад юртимиз аҳолисига сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатишга эришишдан иборат. Бинобарин, соғлиқни сақлаш тизимида юксак даражада ривожланган давлатлар шифокорлари тажрибасини ўрганмасдан туриб кўзланган натижага эришиб бўлмайди.

Яқинда академик Я. Х. Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида Украина давлати юқори ихтисослашган инновацион тиббиёт маркази ва Наманган эндокринология диспансери ўртасида меморандиум имзоланди. Ушбу ҳужжатга асосан вилоятимизнинг эндокринологлари 2021 йилдан бошлаб Киев шаҳрида ўз соҳалари бўйича малакаларини ошириш имкониятига эга бўлишади.

Ҳамкорлик бу билан чегараланиб қолмайди. Украиналик мутахассислар вилоятимизга ташриф буюриб, конференция, семинарлар, "маҳорат мактаблари" машғулотларини ўтказишади. Ушбу шартномага асосан, вилоятимизнинг барча тор соҳа мутахассислари (хирург, акушер-гинеколог, травматолог ва бошқалар) ҳам мазкур марказда малакаларини оширишлари мумкин.