Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ўз моҳиятига кўра, демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси, халқимиз иродасининг олий ифодаси, умумдемократик тамойилларни ўзида мужассам этувчи, инсонни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини олий қадрият деб эътироф этувчи давлат ва жамият ҳаёти асосларини мустаҳкамлашга йўналтирилган Асосий қонундир.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги миқёсида биринчи бўлиб қабул қилинган конституциялардан бири ҳисобланади. Шундай экан, МДҲ давлатлари ичида ҳуқуқий давлат қуриш ғояси биринчи бўлиб бизнинг Конституциямизда ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Сўзимизнинг исботи сифатида, Конституциямизнинг Муқаддимасида "...инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатни барпо этишни кўзлаб Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганлиги" алоҳида таъкидланганлигини кўришимиз мумкин. Шунингдек, Конституциямизда ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим таркибий элементлари ҳисобланувчи, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги (7-модда), давлат хокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд хокимиятларига тенг тақсимланиши (11-модда), ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар ва мафкуралар хилма-хиллигига асосланганлиги (12-модда), давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга ошириши (14-модда), Конституция ва қонуннинг устунлиги (15-модда), мамлакат иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши (53-модда) каби умуминсоний демократик нормалар ўрин олган.
Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганларидек: "Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир.У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда. Бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда".
Хулоса ўрнида эса, Юртбошимизнинг қуйидаги фикрларини келтирмоқчимиз: "Ҳеч шубҳасиз, орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз янги авлодлар учун ҳаёт қомуси, даврнинг ўзи ўртага қўядиган долзарб муаммоларни ечиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади".
Мансуржон ВАЛИЕВ,
Наманган вилояти ИИБ ТЭҚКБ ходими, подполковник.