дейди суҳбатдошимиз вилоят ОИТСга қарши

курашиш маркази бош врачи ўринбосари

Барнохон ЮСУПОВА

- ОИТС - орттирилган иммунитет танқислиги синдроми инсон умрининг заволидир. Энг ёмони, бу касаллик юқумли, бемор нафақат ўзининг, балки бошқаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўяди. Айнан ушбу касалликка қарши сизнинг муассасангизда амалга оширилаётган ишлар, кўрилаётган профилактик чора-тадбирлар тўғрисида сўзлаб берсангиз?

- Тўғри айтдингиз, ОИВ инфекцияси бутун инсоният ҳаётига таҳдид солаётган юқумли касалликлардан биридир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра дунё бўйича 35 млн.дан ортиқ ОИВ инфекцияси билан яшаётган шахслар мавжуд. Ҳозиргача 25 млн.дан ортиқ киши ушбу хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмган. Бу касаллик нафақат республикамизда, балки вилоятимиз шаҳар ва туманларида ҳам учраётгани ғоят ачинарли ҳолат.

Ҳозир халқимиз кутилмаган синовли кунларни бошдан кечиряпти. Шундай бўлса-да, биз асло ўз ишимизда масъулиятни пасайтирганимиз йўқ. Пандемия шароитида ҳам ОИВ инфекцияси бўйича эпидемиологик вазиятни мураккаблашиши ҳамда касалликнинг аҳоли ўртасида кўпайиш хавфини вужудга келиши эҳтимолини ҳисобга олиб, соғ­лом турмуш тарзи тарғиботи билан мунтазам шуғулланиб келдик. Айниқса, "Меҳнат мигрантлари" орасидан касалликка чалинганларни эрта аниқлаш, даволаш-профилактика тадбирлари самарадорлигига эришиш учун астойдил ҳаракат қиляпмиз. ОИВ инфекцияси эпидемиясига барҳам беришни кўзда тутувчи "90-90-90" тамойилига мувофиқ жорий йилнинг 21 майидан - 21 июнига қадар вилоятдаги меҳнат мигрантларини кўрикдан ўтказиш бўйича бепул акциялар уюштирдик.

Айни пайтда ҳориж мамлакатларида 3 ойдан ортиқ бўлиб Ватанимизга қайтган мигрантларни даволаш-профилактика муассасаларида тиббий кўриги йўлга қўйилган. Агар меҳнат мигрантлари ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтишса, ўзини, оила аъзоларини ҳам ОИВ деган балодан асраган бўларди. Шунинг учун ҳам биз бу борада аҳолининг барча қатламларига кириб бориш ва ижобий натижаларга эришиш учун ҳамкорликдаги тадбирларга алоҳида эътиборни кучайтиряпмиз.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси, даволаш ва профилактика муассасалари, ўзини-ўзи бошқариш органлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари, таълим муассасалари билан ҳамкорликда иш юритяпмиз. Учрашувлар, давра суҳбатлари, мулоқотлар каби профилактик тадбирларни кучайтир­япмиз.

- Яқинда бир аёл фарзандида ОИВ инфекцияси аниқланганини жуда-жуда надомат билан сўзлаб берди. Унинг қаердан юқтириб олганини билишмайди. Касаллик қайси йўллар билан юқадию, қайси ҳолларда юқмайди. Шунга ҳам ойдинлик киритиб ўтсангиз?

- Касаллик асосан пала-партиш жинсий алоқа қилганда ёки қон орқали, яъни вирус билан зарарланган қон ва қон маҳсулотларида, стерилланмаган тиббиёт асбоблари, соқол олувчи, таутировка ва косметик асбоблардан юқиши мумкин. Айниқса, битта шприц орқали бир неча киши гиёҳванд моддаларни қабул қилганда ҳам юқади.

Касаллик умумий идиш-товоқлардан фойдаланилганда, қўл бериб кўришилганда, йўталганда ва аксирганда,умумий хожатхонадан фойдаланилганда, бирга чўмилганда, ички ва сиртқи кийимлардан фойдаланганда, ҳашаротлар чаққанида юқмайди.

ОИВ касаллигига хос белгиларни билиш зарур. Бу лимфа тугунларнинг катталашуви, бир ойдан ортиқ сабабсиз истималаш, тана вазнининг камайиб кетиши, юқори нафас йўллари касалликларининг тез-тез қайталаниши, терини ҳар-хил тошмалар эгаллаши кабилар. Агар фуқароларда ушбу белгилар пайдо бўлса, яшаш жойидаги шифокорга мурожаат қилиб керакли маслаҳат олишлари, ҳоҳлаган тиббиёт муассасасида ОИВ касаллигига бепул тиббий текширувлардан ўтишлари мумкин.

Суҳбатдош Манзура ЭРГАШЕВА.