Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббий-ижтимоий хизматлар бўлими бошлиғи

Нурмуҳаммад Турғунов шу ҳақда фикр юритади:

- Бизга маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган "Ногиронлиги бўлган шахс­ларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги янги қонуни эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

Қонуннинг 5-боби "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг соғлиғини сақлаш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш" деб номланган. Унинг 35-моддасида белгилаб қўйилгандек: "Давлат ногиронлиги бўлган шахсларга, фуқароларга бепул тиббий ёрдам кўрсатишнинг давлат кафолатлари дастури доирасида амалга ошириладиган малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши бўйича чоралар кўради. Ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий парвариш қилиш барча даражалардаги мавжуд тиббий хизматлар доирасида, шунингдек ногиронлиги бўлган шахслар учун ихтисослаштирилган хизматлар томонидан амалга оширилади".

Қонуннинг 36-моддасида "Ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш" масаласи аниқ ифодалаб берилган: "... пул тўловлари (пенсия­лар, нафақалар, бир йўла бериладиган тўловлар);

реабилитация қилишнинг техник воситалари, сурдотехника, тифлотехника воситалари ёки бошқа воситалар, шу жумладан ўриндиқли аравачалар, протез - ортопедия мосламалари, махсус ҳарфли матбаа нашрлари, овоз кучайтирувчи аппаратлар ва сигнализаторлар, субтитрли ёки сурдотаржимали видеоматериаллар, шунингдек автомобиллар билан таъминлаш;

тиббий, ижтимоий, касбий, жисмоний реабилитация қилиш бўйича хизматлар ва маиший хизматлар;

транспорт хизматлари;

дори воситалари билан таъминлаш".

Бугун мамнуният билан айта оламизки, вилоятимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича изчил ва фаол иш олиб бормоқдамиз. Айни пайтда 2864 нафар ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронлиги бор шахслар рўйхатимизда туришади. Уларга корхона, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ҳамда саховатпеша инсонлар ҳомий этиб бириктирилганлар. Жорий йилнинг февраль-март ойларида ҳаммалари тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилганлар.

Йилнинг 10 ойи давомида 620 та ногиронлар аравачаси, 184 та эшитиш мосламаси, 84 жуфт қўлтиқтаёқ, 169 та уч хил хасса, 234 та протез-ортопедия маҳсулотлари тарқатилди. Ғамхўрликдан 576 нафар ногиронлиги бўлган шахслар фойдаланишди. 764 нафар шу тоифа инсонлар сиҳатгоҳларда бепул йўлланма билан дам олдилар.

Биз янги Қонун асосида ўз фаолиятимизни тобора такомиллаштирамиз. Ногиронлиги бўлган ҳеч бир инсон меҳр-эътибордан четда қолдирилмайди.