Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан Поп туманининг олис Чодак қишлоғига малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг бош врачлари, тор доирадаги мутахассисларидан иборат бир гуруҳ шифокорлар ташриф буюрдилар.
Саломатлик посбонлари эрта тонгдан ўзлари билан бирга жаҳон андозалари даражасида жиҳозланган, офтольмалогия, яъни кўз касалликларига ихтисослашган "Мобил поликлиника", Реаномобиль, УЗИ, ЭКГ аппаратларини ҳам "Чодак-2" қишлоқ врачлик пунктига жойлаштириб, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишни бошлашди. Уларга Поп туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий поликлиника мутахассислари ҳамкорлик қилишди.
"Олтинкон", "Чодак-1", "Чодак-2" "Гулистон" қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда "Хонобод" оилавий поликлиникаси ҳудудида яшовчи аҳоли тиббий тадбирга жалб қилинди. Улар кардиолог, фтизиатр-пульмонолог, акушер-гинеколог, лор, эндокринолог, невропотолог, нейрохирург, терапевт, окулист, хирург, аллерголог ва бошқа мутахассислар хизматидан баҳраманд бўлишди. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг 10 нафардан зиёд врачлари ҳам эртамиз эгаларининг соғломлаштиришга оид керакли маслаҳат ва тавсияларини бердилар.
Шунингдек, шифокорлар кам таъминланган оилалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни уйларига бориб саломатликларини текшириб кўришди.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош врачи Равшанбек Темиров, нейрохирург Комилжон Абдусатторов, кардиолог Усмонжон Зайниддинов Чодакбоши МФЙда яшовчи ногиронлиги бўлган Бобуржон Тоҳиров ва "Олтинкон" МФЙда яшовчи 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган Абдуллажон Холматовларнинг соғлигини кўздан кечиришди. Уларга шифохонада даволаниш учун йўлланмани хонадоннинг ўзида тавсия этдилар.
Саломатлик- бебаҳо неъмат. Тиббий кўриклар аҳолини беҳад мамнун этган бўлса, куннинг иккинчи ярмида ВССБ томонидан ташкилланган семинар умумамалиёт шифокорлари малакасини янада мукаммаллаштирди. Унда ВССБ бош мутахассиси Лолахон Улуғбоева касалликлар назалогияси ҳамда беморларни диспансер назоратига олиш ва соғломлаштириш бўйича маъруза қилди.
Айниқса ВССБ аҳолини соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими томонидан тақдим этилган тўғри овқатланиш пирамидаси қишлоқ аёлларининг қизиқишини уйғотди. Ёнма-ён мактабда ташкилланган оммавий юриш машқларида ҳам аҳоли фаол иштирок этди.
- Мазкур тадбир бирламчи тиббий-санитария ёрдамини янада яхшилаш, ноинфекцион касалликлар профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, жисмоний фаоллик, соғлом овқатланиш ва бошқа бир қатор муҳим йўналишларни қамраб олган,- дейди бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров - Энг муҳими, жараён бир кунлик эмас, давомли. Мазкур тадбирлар вилоятнинг барча олис ҳудудларида ташкилланиши режалаштирилган.