Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш орқали жамоат саломатлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятдаги барча маҳаллаларда профилактик тадбирлар, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар, жисмоний фаоллик, соғлом овқатланиш тамойиллари, жамоат ва шахсий гигиенанинг аҳамияти ва аҳоли тиббий маданиятини юксалтириш, юқумсиз касалликларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлаш чора-тадбирларини ўз ичига олган "Соғлом ҳаёт учун - 5000 қадам" шиори остидаги кенг қамровли соғломлаштириш тадбирлари ўтказилмоқда.

Наманган шаҳридаги 8-оила поликлиникаси ҳудудига қарашли Қуйи Ровустон маҳалла фуқаролар йиғинида ташкилланган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳам ана шу эзгу ғояни ўз ичига олганди. Ҳудуддаги 79-мактабга поликлиниканинг тор доирадаги мутахассислари тиббий анжомлари билан етиб келдилар. Улар эрталабдан Ровустон, Хонобод, Қуйи ва Ўрта Ровустон МФЙларининг 40 ёшдан ошган ўрта ва кекса ёшдагилари саломатлигини текшириш тараддудида бўлдилар.

Дастлаб поликлиника бош врачи Наргиза Турсунова ҳамда ВССБ аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўлими мудири Дилмурод Қодировлар ўтказилаётган тадбирнинг мазмун-моҳиятини ҳудуд вакилларига атрофлича тушунтирдилар. Айниқса, жисмоний фаоллик, яъни 5000 қадам юришнинг афзалликларидан воқиф бўлган кекса ёшдаги отахон ва онахонларда саломатликларини асраш учун юриш машқларига эътибор ва иштиёқ кучайди. Энди ровустонлик кексалар оила аъзоларига ўрнак бўлишиб, ҳаракат машқларида фаол бўлишлари шубҳасиз.

Биохимик лаборатория таҳлиллари, флюорография, УЗИ, ЭКГ аппаратларининг шу ернинг ўзига келтирилганлиги сурункали касаллиги бор шахслар учун айни муддао бўлди.

Оила шифокори, окулист, лор, невропотолог, терапевт, жарроҳ, эндокринолог, пульмонолог ва бошқа малакали мутахассислардан жамланган бригада уч кун давомида ровустонлигу - хонободликлар хузурида бўлишди. Уларга малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишди.

Манзура ЭРГАШЕВА.