Наманган шаҳрида "Янги нафас" шиори остида юриш марафони ўтказилди.
Амир Темур кўчасидаги Наманган саноат коллежи биноси олдида старт берилган марафонни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов бошлаб берди. Турли касб эгаларидан иборат спортсевар иштирокчилар марра чизиғига қадар 3 минг метр масофани босиб ўтди. Марафонда Наманган шаҳри тиббиётчилари ҳам уюшқоқлик билан қатнашишди.
- "Қанча юрсанг пиёда - умринг бўлар зиёда" деган халқ мақолида катта маъно бор. Чунки барча касалликларнинг бошланиши ҳаракатсизлик туфайли рўй беради. Буни биз шифокорлар жуда яхши биламиз. Шунинг учун марафонга эрта тонгдан врачу ҳамширалар етиб келишди. Белгиланган масофани тоза ҳавода юриб ўтишди. Бу соғлом турмуш тарзининг бир кўринишидир, - дейди Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Раҳматулло Тўрахонов.
- Жамоамиз эрталабки марафонда ўзига хос кўтарингки кайфият билан иштирок этдилар, - дейди 1-шаҳар шифохонаси бош врачи ўринбосари Ҳалимжон Алимов. - Бундан буён ҳам тез-тез шундай тадбирлар уюштирилиб борилса, субҳидамги юриш тиббиётчиларимизнинг ҳам ҳар кунги турмуш тарзига айланиб қолиши шубҳасиз. Зеро, бу билан халқимизга ўзимиз ибрат кўрсатган бўламиз.
"Уч фаввора" хиёбонига биринчилардан бўлиб етиб келган иштирокчилар марафон ғолиби бўлди. Фаол қатнашчилар вилоят ҳокимлиги томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
ЮРИБ ТУРИНГ ПИЁДА
Нафас оласиз равон,
Қаддингиз тик ҳар қачон,
Кайфият аъло чунон,
Гар юрсангиз пиёда.
Чор атроф тоза ҳаво,
Хуш ёқар майин сабо,
Дардларга берар даво,
Гар юрсангиз пиёда.
Гўзалдир ҳаётингиз,
Ортар шижоатингиз,
Йўқдир оғир вазнингиз,
Гар юрсангиз пиёда.
Кўп эмас, майли оздан,
Завқланиб наво создан,
Ўтасиз "Тўқсон", "Юз"дан,
Гар юрсангиз пиёда.
Эрта-кеч эринмасдан,
Ҳансираб шошилмасдан,
Тўшакка михланмасдан,
Юриб туринг пиёда.
Назиржон ДАВЛАТОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси
лицензиялаш ва аккредитациялаш сектори
бош мутахассиси.