ВИЛОЯТИМИЗ ВРАЧ ВА ҲАМШИРАЛАРИ ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ РАИСЛИГИДА 6 НОЯБРЬ КУНИ СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИНИНГ БИРЛАМЧИ БЎҒИНИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ҲАМДА АҲОЛИ ЎРТАСИДА СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ЮЗАСИДАН ЎТКАЗИЛГАН ВИДЕОСЕЛЕКТОР ЙИҒИЛИШИДА БЕЛГИЛАБ БЕРИЛГАН ВАЗИФАЛАРНИ БАЖАРИШ УЧУН БОР БИЛИМ ВА МАЛАКАЛАРИНИ ҲЕЧ АЯМАЙ САРФЛАШГА ҚАТЪИЙ ҚАРОР ҚИЛДИЛАР

 

Орзихон СОЛИЕВА,

Уйчи туманидаги 37-оила поликлиникаси

патронаж ҳамшираси:

- Бугун барчамизнинг кўнгилларимиз тоғдек кўтарилиб турибди. Чунки эл-юртга қилаётган хизматларимиз туфайли катта ҳурмат-эътиборга сазоворлик насиб этмоқда. Байрамимиз арафасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз "Илғор хорижий тажриба асосида умумий амалиёт шифокорини ҳақиқий оилавий шифокорга айлантириш чоралари белгиланди. Уларга ёрдам бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббий бригадалар ташкил этилади. Бу бригадалар ўзларига бириктирилган оилалар кесимида "тиббий харита"лар шакллантириб, манзилли иш олиб боради" деб алоҳида кўрсатмалар бердилар. Биз патронаж ҳамширалар бундай бригадалар таркибида мунтазам ва самарали фаолият кўрсатиш учун билим, малака ва маҳоратимизни тўла ишга солиб, халқимиз саломатлигини таъминлашга муносиб ҳиссамизни қўшаверамиз.

Биз  тиббиёт ходими сифатида ҳар қанча кўнглимиз тўлиб гапирсак арзийди. Боиси Юртбошимиз ғамхўрликлари туфайли барча қулайликларга эга қишлоқ оилавий поликлиникаларида фаолият кўрсатяпмиз. Шароитларимиз тўкис, елкамизда сумкамиз, унинг ичида барча керакли асбоблар муҳайё. Қайси хонадонга кирсак, у ерда яшовчиларнинг соғ­лигини обдон текшириб, зарур бўлса биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, одамлар олқишини олиш имкониятига эгамиз. Бунинг учун Президентимиздан, вилоят ҳокимидан ғоят миннатдормиз.

 

Муяссар  ТУРСУНОВА,

Тўрақўрғон туманидаги

"Соҳилобод" қишлоқ врачлик пункти патронаж  ҳамшираси:

- Кўриб-билиб турибсизлар, бу йилги байрамимиз ўзгача тусда  нишонланди. Ўтган ҳафта Президентимиз видеоселектор йиғилиш ўтказиб, барчамизни қутлуғ айём билан  табрикладилар, айни пайтда мамлакатимиздаги тиббий хизматнинг аҳволини чуқур таҳлил этиб, сиз билан бизларнинг олдимиздаги кечиктириб бўлмас  вазифаларни аниқ белгилаб бердилар. Биргина қишлоқ  врачлик  пунктларига янада катта  эътибор  қаратганликларининг ўзиёқ  биз каби  патронаж ҳамшираларни янада руҳлантириб юборди. Сабаби, янги иш ўринлари яратилади, шунга яраша  тиббий хизмат тобора такомиллаштирилади. Чунки Президентимиз айтганларидек: "Аҳоли  эҳтиёжидан келиб чиқиб, келгуси йилда 100 та қишлоқ врачлик пункти 24 та оилавий поликлиника  ташкил этилиши белгиланди".

Ҳаёт ҳар биримиздан янги Ўзбекистоннинг янги тараққиёти учун фаол ҳисса  қўшишни талаб этмоқда. Биз меҳрибон  Юртбошимиз раҳнамоликларида рўёбга  чиқарилаётган тиббий ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига  айланишни ўзимиз учун  чексиз фахру ғурур, деб биламиз.

Ҳудудимиздаги аҳолининг саломатлигини сақлашдек хайрли хизматимизни бундан буён ҳам беминнат  адо этаверамиз. Бу билан давлатимиз тараққиёти йўлида меҳнат қилаётган  халқимизнинг омонлигини кўз қорачиғидай асраймиз. Президентимиз ва вилоятимиз ҳокимининг юксак эътиборларига  муносиб  меҳнатимиз билан жавоб бериш ҳаракатидан асло чарчамаймиз!

 

Матлуба БОҚИЖОНОВА,

Наманган шаҳридаги 3-оила поликлиникаси

патронаж ҳамшираси:

- Бу йилги  касб байрамимизни бизнинг оилавий поликлиника жамоаси  ҳам халққа  сидқидилдан хизмат кўрсатиш билан кутиб олди. Кейинги йилларда патронаж хизмати  йўлга қўйилиши билан аҳолининг яшаш жойларига бориб, уларнинг  соғлиқларини  назорат қилиш, хонадонларда соғ­лом турмуш тарзини қарор топтириш учун барча билим ва имкониятларимизни ҳеч аямай сарф этиб келмоқдамиз. Ҳудудимиздаги 76 минг нафар  аҳоли 106  нафар ҳамширанинг доимий назоратида туради. Қайси хонадон қандай ҳолатдалигини, оилаларнинг  саломатлигига дахлдор барча маълумотларни яхши билганимиз учун уларнинг саломатлигини  сақлашда дуруст натижаларга эриш­япмиз.

Биз тиббиёт ходимлари Юртбошимиздан беҳад миннатдормиз. Сабаби, оилавий поликлиникамизда беморларни даволаш учун  барча шароитлар яратиб қўйилган. Биринчи ёрдамни талаблар даражасида амалга  ошираётганимиз учун  хал­қимиз олқишига  сазовор бўлмоқдамиз.

Лекин давлатимиз  томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликларга тўла  жавоб  беришимиз учун ҳали кўп  ишлар қилишимиз керак, деб  ўйлайман. 6 ноябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида  Президентимиз "5 ёшгача бўлган болалар,  ҳомиладорлар, туғиш  ёшидаги ва 35 ёшдан ошган аёллар, 40 ёшдан ошган шахслар доимий  назоратга олиниб, скрининг  текширувидан ўтказилади. Касалликка мойил  бўлганлар индивидуал патронажга олинади" деб  алоҳида таъкидладилар.

Биз юқоридаги вазифаларни изчил бажариш учун янада астойдил ҳаракат қилаверамиз!