Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси тиббиётчилари пандемия бошланганидан буён коронавирус инфекцияси билан хасталанганларга фидокорона хизмат қилиб келишди. Уларнинг тинимсиз саъй-ҳаракатлари ва жонкуярликлари туфайли кўплаб дардмандлар дарддан фориғланиш бахтига мушарраф бўлдилар. Айниқса Мухлисахон Соматова фаолият юритган 6-бўлимда ҳам саломатлик посбонлари ўз вазифаларига сидқидилдан ёндашганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Беморларга малакали ва сифатли тиббий хизматдан фойдаланишлари учун шароитлар муҳайёлиги, айниқса нажот фаришталари, яъни врачу ҳамширалар хаста дилларга ўз яқинларидай муносабатда бўлаётганини, кексаларни худди ўз ота-онаси, ўрта ёшлиларни ака-опаси, ёшларни яқин ука-сингилларидай меҳр-муҳаббатларини номоён этишиб, беминнат хизмат кўрсатаётганлигининг гувоҳи бўлдик.

Ёш ва тажрибали инфекционист Мухлисахон ҳар куни эрта тонгдан беморлар хизматида. Унинг самимий муносабати, стандарт асосидаги даво муолажаларини ўз назорат остида ушлаб туриши ҳар сонияда ҳамширалару кичик тиббиёт бекаларини ҳам зийрак ва ҳушёр бўлишга ундади. Шифокор ҳар бир даволанувчининг дақиқа сайин ўзини яхши ҳис қилиши учун бор билим, малака ва тажрибасини ишга солди. Изланди, турли видеоонлайн дарсларида иштирок этиб малакасини мукаммаллаштирди. Қолаверса, бошқа соҳа мутахассисларининг маслаҳат ва тавсияларига амал қилиб яхши натижаларга эришаётгани, яъни бўлимда шифо топаётганларнинг сафи кундан-кун кенгаяётганидан жуда мамнун.

- Даволаш стандартлари асосида олиб бораётган муолажаларимиз туфайли инфекцияни оғирроқ ҳолатда ўтказаётган беморларимизнинг ҳам саломатлиги тикланиб, ҳасталик чекинаётганда, сатурацияси маромига келганида барча чарчоқларим чиқиб кетади. Ахир беморнинг у ким бўлишидан қатъий назар, оиласи, фарзандлари ва яқинлари даврасига соғ-омон, ковидни енгиб қайтиши биз тиббиёт ходимларининг катта ютуғидир. Мақсадимиз ҳам аслида шундай, барча дард­мандларни дарддан тезроқ халос қилиб фаол ҳаётга қайтариш, - дейди Мухлисахон.

Дарҳақиқат, ўз касбининг моҳир усталари фаолият юритаётган бўлимда саломатликлари тикланганларнинг шодликлари чексиз.

- Инфекция юқтириб олгандаги руҳий тушкунлик, дармонсизлигу, нафас қисилиши каби ва бошқа барча оғриқ азоблари ўтиб кетди- деди уйчилик отахон Акбарали Ға­ниев. - Врач қизимиз жуда ширинсўз, самимий ва меҳрибон экан. Ҳамшира қизларимизни эпчил ва чаққонлигини айтмайсизми, ҳар дақиқада холимиздан хабар олиб сатурациямизни, қон босимимизни ўлчаб туришди. Керак вақт­да кислород аппаратига ҳам улашиб, қўйингки нима зарур бўлса шуларни бажаришди-да. Мана энди, шифо топиб уйга қайтяпман. Бунинг учун халоскорларимизга ҳамшира қизларим Замира Абитова, Муаззам Давлатоваларга, бўлим бекаси Мадина Садриддиноваларга мингдан-минг рахматлар айтаман. Ўзлари асло дард чекишмасин. Ўқитган ота-оналарига, таълим берган устозларига рахмат. Бу ердаги барча шифокору ҳамшира қизларим, кичик бекалару овқат тар­қатувчиларгача миннатдормиз.

Чунончи, хаста инсонларга умид ва ишонч берган, касбини севувчи инсонларгина ол­қишларга муносиб. Чунки улардан шифо топган ва топаётганларнинг эътирофи шундай.

Манзура ЭРГАШЕВА.