Шифокорлик - шарафли касб. Халқимиз ҳамиша саломатлик посбонларини ардоқлайди. Эл дардига дармон бўлиш учун туну кун сид­қидил хизмат қилаётган фидойилар талайгина. Афсуски, таъмагирлик, порахўрлик иллатига дучор бўлиб, оқ халатга доғ тушураётган кимсалар ҳам учраб турибди.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси катта мажлислар залида соҳада қонун устуворлигини таъминлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда шу ҳақда сўз борди. Йиғилишни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Абдулходи Иминов бошқарди. Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги Тиббий хизматлар сифатини назорат қилиш бошқармаси Наманган вилояти бўлими бошлиғи Неъматулла Қирғизбоевнинг маърузасида тизимдаги жиноятчилик, айниқса коррупцион ҳолатлар батафсил таҳлил этиб берилди.

Нотиқнинг таъкидлашича, кейинги йилларда соғлиқни сақлаш муассасалари ходимлари ўртасида фирибгарлик, таъмагирлик, порахўрлик каби ҳуқуқбузарликлар қайд этилмоқда. Коррупцион кўринишларнинг олдини олиш борасидаги тушунтириш, тарғибот ишлари кучайтирилаётганлигига қарамай бу иллатнинг пайини қирқишга эришилмаяпти. Айниқса, туғуруқхоналардаги салбий ҳолатлар камаймаяпти.

Йиғилишда тиббиёт ходимлари ҳуқуқий билимини янада бойитиш, тиббиёт муассасалари раҳбарлари масъулиятини ошириш юзасидан топшириқлар берилди.

Кенгайтирилган йиғилишда шунингдек, куз-қиш мавсумига иситиш тармоқларини тайёрлашни якунлаш, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари заҳирасини яратиш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг иккинчи босқичига тараддудни кучайтириш, заҳира ўринларни ҳозирлаб қўйиш билан боғлиқ ва бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, мутасаддиларга тегишли вазифалар юкланди.