Таклиф этилганлар-вилоятдаги барча даволаш муассасаларининг терапевт ва кардиолог мутахассислари залдаги ўриндиқларни эгаллашгач, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Абдулходи Иминов тадбирни қисқача кириш сўзи билан очди. Сўнг минбарга Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реаблитация илмий-амалий маркази директори, республика бош терапевти, тиббиёт фанлари доктори, профессор Анис Аляви чиқди. У "Ўткир коронар синдромининг замонавий даволаш стратегияси" мавзуида маъруза қилди. Юрак хасталикларига ташхис қўйиш, самарали ва сифатли муолажа усуллари хусусида батафсил фикр юритди. Машғулот кўргазмали бўлгани, экранда бемор аъзоларининг ҳолати, тиббий муолажалар натижалари, эришилаётган кўрсаткичлар намойиш этиб борилгани мавзуни чуқурроқ ўзлаштиришга имкон берди.
Марказнинг пульмонология бўлими раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди Баҳодир Орипов бронхиал астма ва ўпка касалликлари муолажасига доир янгиликларни йиғилганлар билан ўртоқлашди.
Шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси профессори, республика соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош ревматологи Машҳура Ризамуҳаммедова ревматологиянинг йўналишлари, муаммолари ҳамда бугунги вазифалари тўғрисида маъруза қилди.
Машғулот якунида наманганлик шифокорлар томонидан кардиология, ревматология, пульмонология ва гастроэнтерологиянинг долзарб масалаларини ўрганиш бўйича муҳим саволлар кўтарилди. "Маҳорат дарслари"ни олиб борган олим-мутахассислар замонавий диагностика ва даволаш усулларини илмий далиллар асосида янада тўла-тўкис тушунтириб қўйдилар.
Биз тадбир ташкилотчилари ва қатнашчиларини суҳбатга тортдик.
- Етти кишидан иборат гуруҳимиз уч кунга Наманган вилоятига ташриф буюрган,-дейди Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реаблитация илмий-амалий маркази бош мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори Акбар Абдуллаев. - Аҳолига терапия хизматини ўрганамиз, ҳамкасбларимизга ҳам назарий, ҳам амалий ёрдам кўрсатамиз. Туманларга чиқиб, поликлиникаларда беморларни қабул қиламиз, маслаҳатлар берамиз. Менинг ўзим кўпроқ ўзортроз касаллигига чалинганлар билан шуғулланаман. Бу - модда алмашинувининг бузилиши, бўғим оғриқлари ва ҳаракатнинг чекланиши деганидир. Аслида 60 ёшлиларда бошланади, 70-80 ёшлиларнинг аксариятида учрайди. "Кексаларни эъзозлаш йили" да шундай хасталикдан озор чекаётган отахон ва онахонларнинг дардларини енгиллаштиришга баҳоли қудрат ҳисса қўшаётганимиз кўнглимизда мамнуният ҳисларини уйғотмоқда.
- Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази иши билан меҳмонларимиз яқиндан танишдилар, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг бош терапевти Раҳимжон Абдуллаев. - Қувончлиси, фаолиятимиз нуфузли мутахассис - олимларимизга жуда манзур тушди. Лекин ҳали ўрганадиган, амалиётга тадбиқ этадиган тиббиёт янгиликлари кўплигини бугунги маҳорат дарсларида чуқур англаб етдик. Ишончимиз комилки, шаҳар ва туманларимиз терапевтлари машғулотлардан бой таассуротлар олишди. Эндиги вазифа билимларни амалиётда самарали қўллашдир.
Билим ва малака қанча юқориласа, муолажалар самарадорлиги шунча юксалаверади. Буни ҳар бир терапевт яхши тушунган ҳолда иш фаолиятини тобора такомиллаштириши шубҳасиз.
С. ТОЖИБОЕВ.