Шу шиор остида  вилоятимиз маҳаллаларида  кенг қамровли  маънавий-маърифий  тадбирлар ўтказилмоқда

 

Бугун қаёққа қарамайлик, чинакамига  янгиланишларга  кўзимиз тушади. Бу  янгиланишлар ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий  соҳаларда  яққол намоёнланмоқда.  Тараққиётнинг икки қаноти - иқтисодиёт ва  маънавият бирдай, бир-бирига  уйғун  ҳолдаги ҳаракати боис мамлакатимиз  обод­лиги ва  халқимиз  хурсандлиги барқарору  бардавомлик  касб этмоқда. Энг муҳими, каттаю кичик, эркагу аёл ўзининг  меҳрибон ва жонкуяр  Юртбошидан беҳад миннатдор. Барчанинг кўнгли  шукроналикка тўла, барчанинг қўли дуога  очиқ. Тилларда диллардаги розилик жарангги. Сўзларда фахру ғурур оҳангги. 10 ноябрдан бошланган "Янги Ўзбекистон - янгича дунё­қараш" шиори  остида уюштирилаётган тадбирларнинг кундан - кун  тантанавор тусга  кираётгани ҳам ана шу юқори  кўтаринки кайфиятни ёрқин ифодалаб турибди.

-           Мазкур  маънавий - маърифий  тадбир  Наманганнинг  барча маҳаллаларида  бўлиб ўтмоқда, - дейди  Республика  ишчи гуруҳи аъзоси, фалсафа  фанлари доктори, профессор, "Турон" фанлар академия­сининг академиги Нодира Нишонова. - Биз  Янги Ўзбекистон  бунёдкори  бўлган хал­қимизда янгича дунёқарашни ҳам  шакл­лантирсак, Президентимиз  раҳнамоликларида олдимизга қўйилган  юксакдан юксак  марраларни, албатта, эгаллаш учун етарли куч-қудрат топамиз. Ҳар биримиз "Мен Ватан учун нима  қилдим, нима қиляпман, яна нима қилишим керак?" деган саволга баралла жавоб берадиган, ҳамиша  фаол яшайдиган, ишлайдиган ва ўқийдиган фуқарога  айланишимиз шарт!

Биз юқоридаги фикрларни  олима аёл  қайси  маҳаллага борса, ўша  жойдаги халқ­нинг ичига кириб, даъваткор руҳда таъкидлаб чарчамаслигига шоҳид бўлдик. Тошкентдан ташриф буюрган Нодира Ра­йимжоновна  ниҳоятда очиқ чеҳралик билан каттаю - кичикка беҳад самимий  муносабат кўрсатиб,  уларни Президентимиз кутаётган улуғвор натижалар сари  янада дадил  қадамлар ташлашга илҳомлантириб юбормоқда.  Поп, Чуст ва Тўрақўрғон  туманларидаги  учрашув ва мулоқотлар ғоят мароқли кечаётгани беинкор ҳақиқатдир. Албатта,  маҳалладан-маҳаллага  кўчаётган мазкур анжуманларнинг ҳаммаси ҳақида батафсил  фикр юритиш имкониятига эга эмасмиз. Мисол тариқасида айримларигагина тўхталиб ўтсак, "Қатрада қуёш акси" нақлига амал қилган бўламиз деб ўйлаймиз.

ПОП ТУМАНИДА

ғоят уюшқоқлик вазиятида ўтаётган тадбирлар алоҳида эътиборга молик. Санг қишлоғидаги 10-мактаб ҳовлисига  қадам қў­йилганидаёқ байрамона безаклару, байрамона  кайфият туйдик. Президентимизнинг  беш муҳим ташаббуслари доирасида рўёбга  чиқарилаётган ишлар  кўргазмалари билан танишиб, кўзларимизда ҳайрату дилларимизда ҳавас уйғонди. Эҳ-ҳе бир ёнда олтин, кумуш ва бронза медалларига сазоворланган чемпион спортчилар, бир ёнда  китобхонлик танлови  ғолиблари, бир ёнда ёш рассомлар, бир ёнда  моҳир  қўллар соҳибалари. Ҳаммалари  мактаб ўқувчилари. Шу Муқимий  маҳалласи аҳлининг фарзандлари. Ичкарига кирганимизда  мезбон маҳалладошларнинг меҳмонларга маҳтал  туришгани  уларнинг олқиш қарсаклариданоқ сезилиб  қолди. Олима Нодира Райимжоновнанинг юрак-юракдан тўлқинланиб айтган  сўзлари Ўзбек миллий  театри актёри,   ҳалқимизга таниқли  санъаткор Ҳамид  Тошпўлатовнинг чиқишларига уланиб кетди. Худди  шундай тантана Поп шаҳридаги маҳаллаларда давом этди. Ўзбек киносида оталар сиймосини  маромига  етказиб ўйнаган  севимли актёр  монологлари  устма-уст қарсаклар билан олқишланди.

- Ассалому алайкум, наманганлик  азиз мухлисларимиз! - деб сўз бошлади Чоркесар маҳалласида севимли актёримиз Ҳамид Тошпўлатов. - Бизда энг муҳими - тинчлик, соғлик ва хотиржамлик борлигидир. Умримиз ҳамиша  қувончу ташвишларсиз кечмаслигини яхши биламизу, лекин бу йилги пандемия кутилмаган  ғамни бошимизга келтирди. Президентимиз раҳнамоликларида  сиз ва биз  шу оғир синовдан ҳам сабр-матонат билан ўтиб оляпмиз. Шундай паноҳкор давлатимиз, меҳрибон Юртбошимиз борлигига мингдан-минг шукроналар айтсак арзийди. Ахир бир неча ой карантинда уйда қолиб, яъни яккаланган ҳолда  халқимиз жипсланиб коронавирус балосига қарши курашдик. Ҳар биримиз ўзимизниям, ўзгаларниям асрашга ҳаракат қилдик. Мана, энди  оғзимизда  ниқоб билан юрсак ҳам ўқишга ва ишлашга, дийдорлашиш ва тўйлашишга муяссар бўлмоқдамиз. Президентимиз  бизларни  сизларнинг олдингизга бежиз йўлламадилар. Карантин пайтида бироз ҳориган халқимизнинг кўнглини  кўтариш, кайфиятини баландлатиш  ниятида  ҳузурингизда  ҳозирмиз. Сизлар  Тошкентга бориб, театр томошалашга  имкониятларинг  чекланган бўлса ҳам, биз санъаткорлар ўзимиз маҳаллангизга келиб, жонли ижромиз, жозибали сўзларимиз билан озгина бўлса-да, дилингизга ҳаяжон ва қувонч улашсак, бундан ортиқ бахт қаерда?!

Тадбир йиғилганларда бой таассурот  қолдирди. Одамларни ғоят тўлқинлантириб юборди.

- Сизларни  бизлар билан учрашувга йўллаган Юртбошимиз доимо омон бўлсинлар! - деди мамнуният билан Дилбархон ҳожи ая Абдуллаева. - Сизнинг сермаъно ва мағизли гапларингизни тинглаб, кўнгилларимиз жуда яйради.  Кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшилди. Бизнинг оила фермер, пахтамиз мўллиги учун  режани ортиғи билан уддалаганмиз. Ўзбекистонимиз равнақига қўшаётган ҳиссамизни  янада кўпайтираверамиз.

Худди шундай тадбирлар

ЧУСТ ТУМАНИДА

ҳам ташкилланди. Олмос, Карнон, Каркидон ва Варзик маҳаллаларида, шаҳардаги бир неча гўшаларда юксак кўтаринки руҳ ҳукм сурди. Спортчи ёшларнинг  кўргазмали  чиқишлари ҳаяжон билан кузатилди. Уларнинг чаққонлиги, кучлилиги ва  маҳорати шода-шода медалларга бежиз сазовор  бўлмаганликларини яна бир бор исботлаб турарди. Ота-оналари фарзандларининг  камолидан қувониб ва фахр­ланиб ўтиришди.

- Болаликда  мен устозим Дилшод Мансуровнинг олдиларига қатнаганларим ёдимда, - деди Республика Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги  вакили Ҳусан Зуфаров. - Ҳовлиларига борганимда  уйларига  кўтарилиш зинапоясида "Тўхтама!" деган ёзувга  кўзим тушиб, ҳайрон қолганман.  Қизиқиб сабабини  сўрасам устозим: "Мен мусобақаларда кутган натижага эришолмай қолган, машқлардан чарчаган чоғларимда  шу ёзувга қараб, янада астойдил ҳаракатга тушиб  кетаверганман. Спортчи асло тўхтамаслиги, доимо олға интилмоғи керак" деганлар. Бу ниҳоятта тўғри экан.  Устозим эркин кураш бўйича бир неча бор Республика ва Осиё  чемпионлигини қўлга  киритганликлари шундан. Ёшларга  ҳозир барча  имкониятлар муҳайё, фақат олға интилишдан тўхтамасалар, чемпионлик мақомига эришаверадилар.

"Янги Ўзбекистон - янги дунёқараш"  шиори остидаги тантаналар

ТЎРАҚЎРҒОН ТУМАНИДА

ҳам кунма-кун мароқли ва эсда қоларли   тусда  уюштирилмоқда. Чунончи, Файзиобод  маҳалласидаги  анжуман унинг  қатнашчиларида  унутилмас  таассуротларга  бой ҳолда кечди. Юқоридаги  меҳмонларнинг сафи янада кенгайди. Ўзбекистон Республикаси  халқ артистлари - Мирза Азизов ва Зулайҳо  Бойхоноваларнинг  тадбир сўнггидаги чиқишлари тингловчиларга бир олам завқу шавқ улашди.

Туман ҳокими  Зулайҳо Маҳкамова  маҳалланинг бир гуруҳ  меҳнаткаш аёлларига  пахта йиғим - теримидаги фаол  иштироклари учун мукофотлар топширди. Шунингдек, пойтахтдан келган меҳмонлар 24-мактаб ўқувчиларига  янги китоблардан  совға қилишди.

Куни - кеча Лангарбобо маҳалласидаги тадбир янада  файзли кечди. Бу ерда спортчиларнинг  кўргазмали  чиқишлари, 10 - санъат ва мусиқа мактаби истеъдод эгаларининг куй-қўшиқлари, муаллима Зулхумор Шерматова  шогирдларининг қўғирчоқ  томошаси "Зумрад ва Қиммат"нинг намойиш этилиши анжуманга ўзгача  руҳ бағишлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Турон "  фанлар академияси академиги, шоир Содиқ  Сайҳун томонидан ўқилган "Лангарбоболик барно аёллар" шеъри йиғилган онахонлар ва опа-сингилларининг  кўнглини янада мунаввар этди.

Ўзбек эстрадаси юлдузи  Баҳром Назаровнинг дилрабо қўшиқлари  барчани даврага ундади. Маҳалладошлар мириқиб ўйнаб - яйрашди.

Вилоятимиздаги мазкур маънавий - маърифий тадбир  ўн кун мобайнида  халқимизнинг кайфиятини  кўтаришга, мамлакатимиз тараққиёти изчиллигини таъминлаш йўлида  олиб борилаётган ишлар  самарадорлигини  янада оширишга ўзига хос ҳисса бўлиб қўшилишига ишончимиз комил.

(Суратларда жойларда бўлиб ўтган тадбирлардан лавҳалар акс эттирилган).