Биз врачлар, ҳамширалар ва фельдшерларни умумлаштириб саломатлик посбонлари деймиз. Посбон сўзи эса ҳушёр ва фидойи ҳимоячи маъносини англатади.

Демак, улар халқнинг омонлиги учун ўз пост­лари - тиббиёт марказларида, шифохоналарда, диспансерларда, поликлиникаларда, врачлик пунктларида, тез ёрдам станцияларида бизларга нажоткорлик қилишади. Кўнгиллари эгниларидаги либосларидек оппоқ. Ниятлари эзгу амалларида ижобатли. Мавқелари баланд. Қозонганлари меҳру ихлос. Сазоворланганлари олқиш. Топганлари қадр-қиммат. Эришганлари обрў-ҳурмат. Буларнинг барчасига мушаррафланиш ҳеч вақт осон кечмаган. Ўқиш, малака ошириш, тажриба тўплаш, кечани кеча, кундузни кундуз демасдан беморларни турли-туман дардлардан фориғлаш учун жон куйдириш, заҳмат чекиш уларнинг ҳаёт тарзи, касбий бурчи. Ана шу бурчга ҳамишалик садоқатдан чинакам саодатли тақдир насиб айлайди саломатлик посбонларига.

Шифокорларни ҳақиқатдан Аллоҳ азиз қилган инсонлар десак заррача янглишмаймиз. Ахир ким ва қаерда бўлишмасин, ҳузурларида, атрофларида давоталаблар қанчадан-қанча. Кўпчиликка хожатмандлик масъулияти елкаларида. Нажот истовчи илтижоли нигоҳлар қаршисида гўёки сеҳргар қиёфасида туришди. Жарроҳларнинг қўллари эса мўъжизакор. Азроилни мудом доғда қолдиришади. Беморлар умрига умр қўшишдек ғоят савобли юмушни уддалашга қодирликдан беҳад фахрланишса арзийди элсевар тиббиётчиларимиз.

Бундай иқтидорга, бундай билим-салоҳиятга, бундай мавқе-мақомга муносибликнинг замирида аждодларимизнинг тиб илмига ғоят кучли меҳр-муҳаббати мужассам бўлганлиги ётибди. Дунё тамаддуни тарихига назар ташласак, Шарқ табобати неча-неча  асрлар бағрида чуқур илдиз отганлиги кўзга ташланади. Бу ҳозиргача бизга етиб келган тиббиётга оид кўплаб қўлёзма китоблар орқали аёнлашиб турибди.

Халқимизнинг беқиёс фахру ифтихори шундаки, дунё тиб илмининг алломаси сифатида тан олинган Абу Али ибн Сино бизларнинг бобомиз, аҳли башарнинг буюк табибидир. Шу ўринда ул зотнинг устозларини ҳам эсламоқ лозим. Абу Абдуллоҳ ан-Нотилий ас-Самар­қандий ибн Синонинг уйида дарс берган муаллим саналади. Айни маҳалда бобомиз ўзидан бир аср аввалроқ яшаб ижод этган машҳур табиб Абу Бакр ар-Розийнинг "Касалликлар тарихи" асаридан қисман фойдаланган, уни бойитган, тартибга солган. Ўзининг теран илмий хулосалари билан янада мукаммаллаштирган.

Ўзбек тиббиётчиларини ҳақли равишда Ибн Синонинг бой мероси вориси ва эзгу ишларининг фаол давомчилари дея оламиз. Зотан, Ўзбекистонимизда айниқса истиқлол йилларида халқ саломатлигини сақлаш, турли касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Наманган вилояти миқёсидаги янгиликлар ва ўзгаришлар бунинг яққол исботидир. Кейинги йилларда вилоят муассасаларида ишлаётган мутахасислар малака жиҳатидан пойтахтдаги ҳамкасб­ларига тенглашиш учун астойдил ҳаракат қилишмоқда. Уларга республиканинг таниқли олим-шифокорлари маҳорат сабоғини беришяпти. Тез-тез Наманганга ташриф буюришиб, ёнма-ён турган ҳолда мураббийлик бурчини сидқидилдан адо этишмоқда. Даволаш ишлари табора жаҳон андозалари даражасига кўтарилмоқда. Тўпланаётган тажрибалар, амалга оширилаётган ибратли тадбирлар туфайли айниқса кардиология, онкология, шошилинч тиббий ёрдам соҳаларидаги салмоқдор ютуқлар республика доирасидаги ва ҳатто халқаро миқ­-ё­с­даги тиббиёт форумлари орқали оммалаштириляпти. Инновациялар даволаш ва фармацевтика соҳасига жадал кириб келмоқда. Хорижлик ҳамкасблар билан шериклик ва ҳамкорлик муттасил ривожланти­риляпти.

Тиббиётнинг хусусий секторига бўлган юксак эътибор тадбиркор-шифокорлар сафини йилдан-йилга кенгайиб боришига қулай имкониятлар туғдирмоқда. Хусусий диагностика ва даволаш муассасалари давлат муассасалари билан доимий рақобатда. Баъзи соҳаларда ўзиб кетаётган жиҳатлари ҳам борлиги ғоят қувонарли.

2020 йил - халқимиз учун, шу хал­қимизнинг саломатлиги посбонлари учун мислсиз синов, катта имтиҳон даври бўлиб қолмоқда. Бутун дунёни ғаму ташвишга солган коронавирусга қарши курашда ўзбекистонлик шифокорларнинг кўрсатаётган матонати, фидойилиги тарих саҳифаларига муҳрланиб боряпти. Бу оламий фалокатга ўзининг бутун билими ва малакасини қалқон қилаётган ва ҳатто жонини гаровга қўйиб бўлса ҳам ҳамюртларини вирус чангалидан, ажал оғзидан қутқариб қолаётган шифокорлар ҳар қанча шарафларга муносибдирлар. Улар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 23 июлдаги Фармонига мувофиқ "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими" унвонига, I ва II даражали "Саломатлик" орденларига, "Содиқ хизматлари учун", "Соғлом турмуш", "Шуҳрат" медалларига сазовор бўлишди. Мустақилликнинг 29 йиллик айёми арафасида ҳам бир гуруҳ наманганлик тиббиёт соҳаси илғорлари яна орден ва медаллар билан тақдирландилар. Уларнинг фаолияти барча касб­дошларига ибрат бўлаётир. Мукофотланганларни номма-ном тилга олиш кўнгилларимизда фахр туйғуларини жўш урдириб юборади: Олимжон Охунов, Файзуллажон Дадабоев, Ёқутхон Ахундадаева, Одилжон Норбўтаев, Шохиста Абдуллаева, Дилбархон Бўтаева, Гўзалхон Раҳмонова, Нилуфар Аҳмадова, Жалолиддин Қосимов, Ёқутхон Икромова, Ҳулкар Тўражонова, Ботиржон Боятов, Гавҳархон Қодирова, Ҳилола Маткаримова, Аъзамжон Сиддиқов, Санжар Хабибуллаев ва бошқа улар билан ёнма-ён ишлаётган ўнлаб, юзлаб тиббиёт ходимлари коронавирусга қарши курашнинг чинакам қаҳрамонлари даражасига кўтарилишди.

Ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида нишонланадиган Тиббиётчилар байрами шукуҳи ҳозирданоқ юртимизда кезиб юрибди. Яқинлашаётган қутлуғ айём билан барча саломатлик посбонларини чин дилдан муборакбод этамиз. Элу юртнинг бахту иқболига уларнинг ўзлари ҳам ҳамиша омон юришсин!