Наманган шаҳридаги "Шодиёна" тантаналар мажмуасида вилоятимизда "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати доирасидаги тадбирларда фаол иштирок этганларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкатжон Абдураззақов ва сектор раҳбарлари иштирок этди.

Пандемия даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, беғараз ҳомийлик ёрдами ва эзгу ишлари билан барчага ўрнак бўлган 38 нафар ҳамюртимиз "Меҳр-саховат" кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шунингдек, яна 32 кишига вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик сов­ғалари топширилди.

- Бу ерга йиғилган барча дўстларимизга синовли кунлардаги жонбозликлари учун миннатдорлик билдирамиз. Улар сафида тадбиркорлар, шифокорлар, маҳалла мутасаддилари, волонтёрларни кўряпмиз. Қайсидир сабаблар билан таклиф этилмай қолганлар ранжишмасин. Оғир кунларда юртга кор келганлар хизматини асло унутмаймиз, - деди вилоят раҳбари.

Тадбир санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.

Вилоят ҳокимлигининг ахборот хизмати