Ўз бурчини сидқидилдан ҳис этиб, элимизга намунали тиббий хизмат кўрсатаётган фидойиларга тасаннолар айтса арзийди. Бинобарин, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалининг аҳил жамоаси ҳам зиммасидаги масъулиятли вазифани шараф билан адо этмоқда. Бутун вилоят бўйлаб ёйилган тез тиббий хизмат тизими, қолаверса беморларни куну тун дарддан халос этиш учун фидкорона елиб югураётган филиал саломатлик посбонлари ҳам ўзларининг анъанавий касб байрамларини юксак натижалар билан кутиб олмоқдалар. Бугун илмий марказ филиалининг илғор тузилмаларидан бири - қон-томир хирургияси ва микрохирургияси бўлими фаолиятига бир назар ташлашни лозим топдик.
Даставвал мазкур бўлим ҳақидаги маълумотларга эътиборни қаратсак. Қон-томир хирургияси ва микрохирургияси бўлими 20 ўринлидир. Бўлимда 6 нафар врач-ординатор иш олиб боради. Уларнинг 3 нафари олий тоифали. Шунингдек, 12 нафар ҳамшира ва 10 нафар кичик тиббиёт ходимлари ишлайди. Ҳамширалардан 6 нафари олий тоифага эга.
Давр талабига ҳамоҳанг изланиш, билим ва маҳоратни ошириш, соҳада татбиқ этилаётган янгиликларни амалиётда қўллаш Абдулҳоди Йўлдошев бошчилигидаги кичик жамоанинг фаолият мезонига айланган. Жумладан, бу ерда микрохирургик операциялар (қўл, оёқ реплантацияси, кичик артерияларда анастамоз қўйиш, микронейрорафия, тендопластика) тўлиқ йўлга қўйилган. Бу амалиётлар "ZETS" фирмасида ишлаб чиқарилган микроскоп воситасида бажарилмоқда.
Бундан ташқари артерия ва вена қон-томирлари ўткир касалликларида реконструктив операциялар ўтказилади. Яъни магистрал ва периферик артерия қон-томирларида тўсилишлари оқибатида келиб чиққан, оёқ ва қўллардаги ишемиянинг олдини олиш максадида артерияларда аутовеноз шунтлаш, сунъий қон-томирлар билан протезлаш амалиётлари олиб борилмоқда.
Ишемик инсультларни келтириб чиқарувчи, магистрал қон-томирларидаги ҳосил бўлган атеросклеротик оғриқлар, туғма ва ортирилган экстрокраниал томирларнинг буралиб қолишларини бартараф этиш мақсадида қон-томирларида мураккаб операциялар (эндартерэктомия, экстрокраниал артериялардаги пластик операциялар) ўтказиб келинмоқда.
Алоҳида қайд этиш жоизки, юрак қон-томир касалликлари диагностикасида ангиографик текшириш усуллари, селектив ангиография ва юрак тож томирлари коронорографияси жорий этилган. Бу йўналишда артериялари эмболизацияси, баллонли дилятация, артерияларни стентлаш, кава фильтр ўрнатиш каби даволаш усуллари қўлланилмоқда.
Замонавий технологиялардан ҳам самарали фойдаланилмоқда. Томирларни УТТ дуплекс текшируви юксак даражада ташкил этилган бўлиб, барча қон-томирларнинг ҳолати, касаллиги, касаллик ёки шикастланишдан сўнги ҳолатлари ҳақида тўла маълумот олиш имконияти яратилган.
- Варикоз касалликлари, варикоз касаллигининг асоратлари туфайли юзага келувчи веноз тромбоз касалликлари жуда ҳам оғир асорат келтириб чиқарувчи ўпка артериялари тромбоэмболияси (ТЭЛА)нинг олдини олиш учун профилактик операцияларни барча турлари ҳам йўлга қўйилган,-дейди бўлим мудири Абдулҳоди Йўлдошев.
Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб вазият даволаш ишларини тубдан такомиллаштиришни тақозо этди. Cоvid-19 га чалинганлар орасида учраётган вирусдан сўнги артерия ва веноз тромбозларда лизис терапияси татбиқ этилди. Бунда томирларда ҳосил бўлган тромбларни (ивиб қолган қон лахталарини) махсус препаратлар ёрдамида операциясиз эритиш усули касалликнинг муддатига қараб қўлланилмоқда.
- Шифокорларга мингдан-минг раҳмат. Жуда оғир аҳволда ётқизилган эдим. Врач ва ҳамшираларнинг хизматлари самараси туфайли бутунлай соғайиб, оилам бағрига қайтяпман, - дейди наманганлик Мансур Омонов.
Ҳа, бундай эътирофларни кўпчиликдан эшитиш мумкин. Бўлим мудири Абдулҳоди Йўлдошев, шифокорлар Акбарали Ҳожиакбаров, Жасурбек Юсуфжонов, Аҳмаджон Болтаев, катта ҳамшира Наргиза Умарова, ҳамширалар Нодира Насимова, Зулфия Мадаминова, Гулчеҳра Бойхонова, бўлим бекаси Султона Дарвишова, Эркиной Қодирова, Гулбаҳор Раҳмонова, Наргиза Халиловалар фаолиятидан эл мамнун. Биз мана шундай олқишу изҳорлар кечаю кундуз тиним билмай, одамлар дардига дармон бўлаётган фидойилар учун бардавом бўлишини истар эдик.
Абдулла ҒОЗИЕВ.